Сайловчи ишончи — сенатор эътиборида
Бугунги Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим тамойилларидан бири — давлат идоралари вакилларининг халқ билан доимий мулоқотда бўлиши, фуқароларни қийнаётган масалаларни жойига чиққан ҳолда ўрганиши ва уларга амалий ечим топишидир. Айниқса, қонун ижодкорлиги билан бир қаторда қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, уларнинг ҳаётдаги аҳамиятини тушунтириш ва ижросини назорат қилиш мамлакат тараққиётининг муҳим омилига айланмоқда. Бу борада сенаторларнинг ҳудудлардаги учрашувлари халқ ишончини мустаҳкамлаш, очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Ана шундай мулоқотлардан бири Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев сайловчилар билан учрашиб, мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этаётган қонунчилик жараёнлари ҳамда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида атрофлича фикр юритди.
Учрашувда Олий Мажлис Сенатининг сўнгги ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар, муҳокама қилинган долзарб масалалар ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди. Хусусан, қабул қилинган қонунларнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётини жадаллаштириш, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришдаги ўрни ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Сенатор қонунлар фақат ҳуқуқий ҳужжат эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатадиган муҳим ислоҳотлар пойдевори эканини таъкидлаб, уларнинг ижросини таъминлашда жамоатчилик иштироки ва фуқаролик масъулияти ҳам алоҳида аҳамият касб этишини қайд этди.

Учрашувнинг энг аҳамиятли жиҳатларидан бири очиқ мулоқот руҳида ўтганидир. Сайловчилар ўзларини қийнаётган муаммолар, амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан фикр ва таклифларини эркин билдириш имкониятига эга бўлдилар. Фуқароларнинг мурожаатлари диққат билан тингланиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларига аниқ вазифалар юклатилди. Қўшимча ўрганишни талаб этадиган масалалар эса алоҳида назоратга олиниб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича зарур чоралар белгилаб олинди.
Ташриф доирасида сенатор ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам яқиндан танишди. Янги ижтимоий объектлар барпо этиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Айниқса, янги иш ўринларини яратиш, оилалар даромадини ошириш, инвестицияларни жалб этиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилиниб, мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш бўйича амалий таклифлар билдирилди. Ҳудуд ривожига тўсқинлик қилаётган айрим муаммолар танқидий таҳлил қилиниб, уларни бартараф этишнинг аниқ механизмлари юзасидан масъулларга тавсиялар берилди.

Таъкидланганидек, ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий қудрати, энг аввало, одамларнинг меҳнат қилиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши ва муносиб даромад топиши учун яратилган имкониятлар билан белгиланади. Шу боис аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш ҳамда ижтимоий дастурларнинг самарадорлигини ошириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Шофиркон туманида ўтказилган мазкур учрашув яна бир муҳим ҳақиқатни намоён этди: халқ билан юзма-юз мулоқот, муаммоларни жойида ўрганиш ва уларга амалий ечим топиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг самарали бошқарув тамойилига айланмоқда. Давлат ва жамият ўртасидаги бундай очиқ мулоқот муҳити эса одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётий самарасини оширишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири