Тилга эҳтиром – миллий қадриятларга эҳтиром
Наманган шаҳридаги Адиблар хиёбонида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Бозоров, Наманган шаҳар ҳокими А. Камолов, вилоят «Нуроний» жамғармаси раиси И. Нажмиддинов, шоир ва ёзувчилар, талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда ўзбек тили халқимизнинг миллий ўзлиги, бой тарихи, маданияти ва маънавиятини ўзида мужассам этган бебаҳо қадрият экани таъкидланди. Она тилимизга давлат тили мақоми берилганидан буён ўтган 37 йил давомида унинг нуфузини юксалтириш, қўлланиш доирасини кенгайтириш ва халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Шунингдек, она тилимизнинг бой имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг софлигини асраб-авайлаш, ёш авлод қалбида миллий тилга ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан экани қайд этилди.
Байрам тадбирида янграган самимий табриклар, она тилимизга бағишланган шеърлар ва куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди. Айниқса, ёш ижодкорлар ижросидаги шеърий чиқишларда она тилига муҳаббат, Ватанга садоқат ва миллий қадриятларга эҳтиром туйғулари ўз ифодасини топди.
Тадбир давомида буюк шоир ва мутафаккир Бобораҳим Машраб ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, унинг бой адабий меросига ҳурмат бажо келтирилди.
[gallery-32104]
Она тилимизга эҳтиром ва миллий қадриятларимизга садоқат руҳида ўтган байрам тадбири иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА