Паллиатив хизмат: беморларнинг уйига бориб ёрдам кўрсатувчи мобиль бригадалар иш бошлади
Ҳеч бир инсон оғир ва тузалмас хасталиклар билан оғримасин, ҳеч бир оила бундай синовлар билан юзма-юз келмасин. Бироқ ҳаёт турли синовларга бой. Кимнингдир хонадонида оғир дард билан курашаётган яқини бор, кимдир эса бундай беморларга қандай ёрдам беришни билмай чорасиз қолади. Инсон ҳаёти, унинг қадри ва дарди ҳар нарсадан устун бўлган бугунги кунда, юртимизда айнан ана шундай оғир синовдаги инсонларга кўмак бериш, уларнинг азобини енгиллаштириш борасида кенг кўламли инсонпарвар ишлар амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳудудлараро ҳосписи директори Яҳё Зиёев мамлакатимизда оғир хасталикка чалинган инсонларга кўмак кўрсатиш борасида яратилаётган янги тизимнинг мазмун-моҳияти, кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдам кўлами, янги мобил бригадалар фаолияти ҳамда бемор яқинларига кўрсатилаётган руҳий кўмак ҳақида батафсил маълумот берди:
– Юртимизда оғир касалликка чалинган инсонларга уйида ва ҳосписда ёрдам кўрсатишнинг янги тизими йўлга қўйилмоқда. Президентимизнинг 2026 йил 24 июндаги “Саратон касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида“ги қарори ушбу хизматларни мамлакат бўйлаб кенгайтириш, беморларнинг оғирлигини енгиллаштириш ва уларнинг яқинларини қўллаб-қувватлашни назарда тутади.
Жорий йилнинг октябрь ойидан Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида беморларнинг уйига бориб ёрдам кўрсатувчи мобиль бригадалар иш бошлади. Мутахассислар беморнинг ҳолатини уйида баҳолайди, унга мос ёрдам режасини тузади ва кейинги парваришни кузатиб боради.
Мобиль бригадалар фаолиятини 2027-2028 йилларда бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич йўлга қўйиш белгиланган. 2027 йилда олтита ҳудудда, 2028 йилдан эса мамлакатнинг барча 14 та ҳудудида фаол паллиатив хизматлар бўлиши кўзда тутилган. Беморлар яшаш манзилидан қатъи назар, ҳосписга бепул қабул қилиниб, тиббий хизматлар давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Тиббий ёрдам ижтимоий хизматлар билан биргаликда ташкил этилади. Шунингдек, беморнинг оила аъзоларига маслаҳат ва руҳий кўмак бериш хизматлари ҳам йўлга қўйилмоқда. Беморнинг оиласини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳосписларда оилани қўллаб-қувватлаш хизматини ташкил этиш, беморнинг яқинларига руҳий ва ижтимоий кўмак бериш, уйида парвариш қоидаларини амалий машғулотлар орқали ўргатиш белгиланган. Бу хизматни 2027 йил 1 январдан ҳудудлараро ҳосписларда ҳам йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бундай ёрдам беморларга қараётган оила аъзоларининг ташвишларини енгиллаштириш, парваришни тўғри ташкил қилиш ва қийин вазиятда зарур маслаҳат олишга кўмаклашишга қаратилган.
Янги тизим учун мутахассислар тайёрлаш ва уларни қайта ўқитиш ишлари халқаро ҳамкасблар билан бошланган. Бугунги кунга қадар ҳоспис ва мобиль паллиатив ёрдам жамоаларини тайёрлаш ҳамда паллиатив ёрдам олаётган беморларнинг яқинларини психо-социал қўллаб-қувватлаш дастурлари қабул қилинди. Тарқатма материаллар тайёрланиб, беморнинг яқинларига тақдим этилди. Бу орқали улар беморни парвариш қилишга ўргатилмоқда. Беморларни рўйхатга олиш, керакли ёрдамга йўналтириш ва хизматларни кузатиб бориш учун электрон тизим жорий этилмоқда. У тиббиёт ходимлари ва ижтимоий хизматларнинг ўзаро ҳамкорлигини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Паллиатив ёрдамга эҳтиёжи бор аҳолини қамраб олишни 2027 йилда камида 5 фоизга, 2028 йилда 12 фоизга, 2029 йилда 65 фоизга ва 2030 йилда камида 80 фоизга етказишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА