Энергетика вазири Қашқадарёда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ўрганди
Куз-қиш мавсумида электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш, аввало, энергетика объектларининг техник ҳолати ва юзага келиши мумкин бўлган юкламаларга тайёрлигига боғлиқ.
Шунга кўра, энергетика вазири Шерзод Хўжаев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида ҳудуддаги муҳим энергетика объектларидан бири бўлган 220/110/35/6 кВ кучланишли “Қарши” подстанциясининг мавсумга тайёргарлиги билан танишди.
Мазкур подстанция орқали Қарши шаҳри, шунингдек, Қарши, Касби, Миришкор, Косон ва Нишон туманларидаги 600 мингдан ортиқ аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари, 10 дан зиёд йирик корхона ҳамда 9 мингдан ортиқ кичик ва ўрта бизнес субъекти электр энергияси билан таъминланади. Бу эса объектнинг барқарор ишлаши ҳудуддаги кўплаб истеъмолчилар учун муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Подстанциядаги ўрганиш жараёнида электр ускуналарининг техник ҳолати, мавжуд захиралар, ходимларнинг мавсумга тайёргарлиги ҳамда электр таъминоти узлуксизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди. Шунингдек, объектнинг ишончли фаолиятини таъминлаш ва мавсум давомида эҳтимолий носозликларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилди.
Ташриф давомида “Қашқадарё магистрал электр тармоқлари” филиалида амалга оширилган ишлар натижалари ҳам тақдим этилди. Жорий йилда режалаштирилган 374,5 километр электр тармоғида мукаммал таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилди. Ушбу кўрсаткич республикадаги магистрал электр тармоқлари филиаллари орасида энг юқори натижа ҳисобланади.
Шунингдек, режада белгиланган 32 та ўчиргичнинг барчаси таъмирланди. Юқори кучланишли трансформаторларни таъмирлаш бўйича ҳам режадаги кўрсаткичдан юқори натижага эришилди: битта трансформаторни таъмирлаш режалаштирилган бўлса, амалда 6 та трансформатор таъмирдан чиқарилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, ташриф якунида энергетика объектларининг ишончлилигини янада ошириш, куз-қиш мавсумида электр таъминоти барқарорлигини сақлаш ва истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Н.Зиёдуллаева,ЎзА