Саховат ва бирдамлик — инсон қадрини улуғловчи эзгу амал
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Жойларда амалга оширилаётган манзилли ёрдамлар, хайрли ташаббус ва саховатли ишлар халқ манфаатларини таъминлаш йўлидаги амалий қадам сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ана шундай эзгу ишлар изчил давом этмоқда. Жумладан, Жўқорғи Кенгес депутати Мурат Атамуратов ташаббуси билан “Ишбилармонлар ҳудуди” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Қурбоновлар оиласи учун янги замонавий хонадон барпо этилиб, эгаларига тантанали равишда топширилди.

Мазкур хайрли ташаббус O‘zLiDeP томонидан илгари сурилган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилди. Дастур доирасида эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўрганишлар давомида Қурбоновлар оиласи истиқомат қилиб келаётган бир хонали уй анча эскириб, авария ҳолатига келиб қолгани аниқланган эди. Ёмғирли ва совуқ кунларда яшаш учун ноқулай бўлиб қолган ушбу хонадон оила аъзолари, айниқса, фарзандлар учун хавф туғдираётгани инобатга олиниб, уларга янги уй қуриб беришга қарор қилинди.
Қисқа муддат ичида қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, эски уй ўрнига замонавий, шинам ва кенг тўрт хонали уй барпо этилди. Янги уй маҳалла аҳли, ҳашарчилар, партия фаоллари ва саховатпеша инсонларнинг бирдамлиги ҳамда амалий кўмаги билан бунёд этилди.
— Инсонларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётига қувонч олиб кириш энг олий қадрият ҳисобланади. Битта оила аъзоларининг юзидаги табассум, фарзандларнинг қувончи ва ота-онанинг дуоси биз учун энг катта мукофотдир. Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида бундай хайрли ишлар имкон доирасида изчил давом этади, — дейди депутат Мурат Атамуратов.
Бу каби эзгу ташаббус юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир. Энг муҳими, эҳтиёжманд оиланинг орзуси ушалиб, улар бугун янги ва шинам хонадонда бахтли ҳаёт кечирмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири