Учрашув эзгу ғоялар ва илҳомбахш суҳбатларга бой бўлди
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Сирдарё вилояти кенгашида Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган раҳбар ва ёшлар учрашуви очиқ мулоқот, эзгу ғоялар ва илҳомбахш суҳбатларга бой тарзда ўтди.
Тадбирда Сирдарё вилояти Болалар ташкилотининг етакчи сардорлари, шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган фаол ёшлар ҳамда Боёвут туманидаги «Ибрат фарзандлари» ўқув марказининг иқтидорли ўқувчилари иштирок этишди.
Учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Сирдарё вилояти кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов ёшлар билан самимий мулоқот қилди. Суҳбат давомида у ҳаёт ва меҳнат фаолиятида тўплаган тажрибалари билан ўртоқлашиб, билим олиш, китоб мутолааси, чет тилларини ўрганиш ҳамда доимий изланиш инсонни юксак марраларга етаклашини таъкидлади. Шунингдек, ёшларни ўз олдига аниқ мақсад қўйишга, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган малакали мутахассис бўлиб етишишга чақирди.
Тадбирнинг энг таъсирли лаҳзаларидан бири Боёвут туманидаги хусусий ўқув маркази раҳбари, «Шуҳрат» медали соҳиби Хуршида Эгамбердиеванинг ҳаёт йўли ҳақидаги суҳбат бўлди. Турмуш синовларини матонат билан енгиб ўтган, мустақил равишда чет тилларини ўрганиб, бугунги кунда юзлаб ёшларга таълим бераётган устознинг ҳаёт йўли иштирокчилар учун ҳақиқий ибрат мактабига айланди. У тадбирдан олган таассуротлари билан ўртоқлашар экан, ўз жамоаси билан касаба уюшмалари сафига қўшилиш истагини билдирди.
[gallery-30682]
Учрашувда болаларнинг ёзги дам олишини мазмунли ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Касаба уюшмалари тасарруфидаги «Сирдарё» болалар оромгоҳида дам олган ўқувчилар яратилган шароитлар, қизиқарли тўгараклар, спорт мусобақалари ва маданий-маърифий тадбирлар ҳақида илиқ таассуротлари билан ўртоқлашдилар.
Бугунги учрашув менда жуда катта таассурот қолдирди. Раҳбар билан юзма-юз суҳбатлашиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олганимиздан жуда мамнун бўлдик. Айниқса, Хуршида Эгамбердиеванинг ҳаёт йўли ҳақида эшитганларим менга катта куч ва ишонч бағишлади. Инсон меҳнат қилиб, билим олиб ва ўз олдига аниқ мақсад қўйса, ҳар қандай орзусига эриша олишига яна бир бор ишондим. Бундай учрашувлар биз ёшларни янада кўпроқ ўқишга, изланишга ва келажак учун пухта тайёргарлик кўришга ундайди. Мен ҳам келажакда Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган билимли ва фидойи инсон бўлишга интиламан, — дейди «Ибрат фарзандлари» ўқув марказининг иқтидорли ўқувчиси Нигора Мажидова.
Тадбир давомида ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланиб, уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди. Эркин мулоқот руҳида ўтган учрашув ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг билим ва салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда касаба уюшмалари фаолияти билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамият касб этди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА