Жиғачида Янги Ўзбекистон нафаси
Бугунги Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим мезони — ислоҳотларнинг марказлардагина эмас, энг чекка қишлоқ ва маҳаллаларгача етиб борганидир. Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” тамойили асосида ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ва тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Энди тараққиёт фақат шаҳарлар билан чекланмайди — у энг олис маҳаллаларгача кириб бормоқда. Бу эса мамлакатимизда ҳеч бир ҳудуд, ҳеч бир инсон давлат эътиборидан четда эмаслигининг амалий исботидир.
Айниқса, чекка ҳудудларда барпо этилаётган замонавий микромарказлар, хизмат кўрсатиш мажмуалари ва ижтимоий объектлар аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш билан бирга, янги иқтисодий ўсиш нуқталарини ҳам яратмоқда. Бухоро вилояти Қоракўл туманининг Жиғачи маҳалласида бошланган улкан бунёдкорлик ишлари ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг яна бир ёрқин намунасидир.
Шу муносабат билан Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров қурилиш ишларига старт берилган ҳудудга ташриф буюриб, 0,9 гектар майдонда барпо этиладиган замонавий микромарказнинг бош режаси, архитектура концепцияси ва амалга ошириладиган қурилиш ишлари билан яқиндан танишди.

Тақдимотда қайд этилганидек, умумий қиймати 6,5 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий қиёфасини мутлақо ўзгартиришга хизмат қилади. Микромарказ таркибида 10 та замонавий савдо шохобчаси, 2 та маиший хизмат кўрсатиш маскани, 2 та умумий овқатланиш шохобчаси, сунъий қопламали мини футбол майдони, workout майдончаси, болалар ўйингоҳлари, 40 ўринли автотураргоҳ, тиббиёт пункти, кутубхона, пиёдалар йўлаклари, замонавий тунги ёритиш тизими ҳамда кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади.
Энг муҳими, мазкур объектлар оддий қурилиш эмас, балки одамлар ҳаётини енгиллаштирувчи, уларнинг кундалик эҳтиёжларини қондирувчи ва фаровонлигини таъминловчи яхлит инфратузилма тизимини шакллантиради. Илгари турли хизматлар учун марказга қатнаган аҳоли эндиликда зарур имкониятларни ўз маҳалласидаёқ топади.
Туман ҳокими қурилиш ишларининг сифати ва муддатларига алоҳида эътибор қаратиб, ҳар бир объект замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида қурилиши, муҳандислик-коммуникация тармоқлари пухта режалаштирилиши, ободонлаштириш ишлари юқори савияда ташкил этилиши шартлигини таъкидлади. Масъулларга қурилиш-монтаж ишларини жадаллаштириш, муҳандислик тармоқларини ўз вақтида тортиш ва ҳудудни намунавий кўринишга келтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Лойиҳанинг иқтисодий самараси ҳам салмоқли. У фойдаланишга топширилгач, 60 та янги доимий иш ўрни яратилади, йилига 4,8 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилади ва маҳаллий бюджетга ҳар йили 450 миллион сўм қўшимча тушум таъминланади. Бу рақамлар ортида ўнлаб оилаларнинг барқарор даромади, юзлаб инсонларнинг қулай ҳаёти ва маҳалланинг янги иқтисодий қиёфаси мужассам.
Эътиборлиси, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир қурилиш лойиҳаси ортида аввало инсон манфаати туради. Президентимиз томонидан чекка ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли учун шаҳарлардаги каби замонавий шароитларни яратиш, хизматлар сифатини ошириш ва тадбиркорликка кенг йўл очишга қаратилган сиёсат бугун ўзининг амалий самарасини бермоқда. Жиғачи маҳалласида қад ростлаётган ушбу микромарказ ҳам ана шу халқпарвар сиёсатнинг ёрқин намунаси бўлиб, давлат раҳбарининг “инсон учун муносиб ҳаёт” ғояси ҳаётда қандай намоён бўлаётганини яққол кўрсатади.

Лойиҳани 2026 йил декабрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Шубҳасиз, бу маскан нафақат Жиғачи маҳалласи, балки бутун Қоракўл тумани учун янги тараққиёт рамзига айланади. Бу ерда барпо этиладиган ҳар бир иншоот одамларга хизмат қилади, ҳар бир экиладиган ниҳол келажакка бўлган ишончни мустаҳкамлайди, ҳар бир яратиладиган иш ўрни эса оилалар фаровонлигини таъминлайди.
Зеро, Янги Ўзбекистонда бунёдкорлик — шунчаки қурилиш эмас. Бу инсон қадрини юксалтириш, маҳаллаларни ҳаёт марказига айлантириш ва юртнинг энг чекка нуқтасигача тараққиёт нурини олиб киришдек улуғ мақсаднинг амалий ифодасидир. Жиғачида бошланган бу эзгу ишлар эртанги фаровон ҳаётнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб қолиши, шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири