Ички ишлар вазирлиги: 526 мурожаатнинг 61 фоизи ижобий ҳал этилди
Фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш ҳамда давлат органлари билан аҳоли ўртасидаги очиқ мулоқотни янада кучайтириш мақсадида ички ишлар органлари томонидан сайёр қабуллар мунтазам ташкил этилмоқда.
Бу каби учрашувлар аҳоли томонидан келиб тушаётган ҳар бир мурожаатни атрофлича ўрганиш, қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш ва мавжуд муаммоларни қисқа муддатларда ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов раҳбарлигида бўлиб ўтди. Унда вазир ўринбосарлари, соҳавий хизматлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлар иштирок этиб, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш, улар юзасидан амалий чоралар белгилаш ва ҳар бир масалага аниқ ҳуқуқий ечим топишга алоҳида эътибор қаратилди.

Сайёр қабул фуқаролар учун қулай шаклда ташкил этилди. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи мурожаатчилар раҳбарият билан юзма-юз мулоқот қилди. Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда бошқа ҳудудларда яшовчи фуқаролар эса видеоконференцалоқа орқали қабулда иштирок этиб, ўзларини қийнаётган масалаларни бевосита баён қилиш имкониятига эга бўлди.
Тадбир давомида жами 526 мурожаат рўйхатга олинди. Уларнинг 320 таси ёки 61 фоизи қабул жараёнининг ўзида ижобий ҳал этилди. Қолган 206 мурожаат қўшимча ўрганиш талаб этгани боис, ижроси назоратга олиниб, тегишли соҳавий хизматларга юборилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан ташкил этилган қабулларда ҳам жами 440 мурожаат қабул қилинди. Уларнинг 211 жойида ҳал қилинган бўлса, 229 мурожаат бўйича қўшимча текширув ва ҳуқуқий баҳолаш ишларини олиб бориш учун тегишли чоралар белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА