Савдо шохобчасини сув таъминотига улаш учун 6 миллион сўм талаб қилган инспектор ушланди
Юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, соҳа вакиллари учун кенг имкониятлар яратиш ҳамда уларнинг муаммоларини ўз вақтида бартараф этиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Бироқ, айрим мутасадди ташкилотлар ходимлари томонидан тадбиркорларга қулай шароит яратиб бериш эвазига маълум миқдорда ҳақ талаб қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Хусусан, “Хоразм сув таъминоти” АЖ юридик инспектори З.А. (муқаддам судланган) фуқаро О.А.нинг ишончига кириб, гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали савдо шохобчасини ичимлик суви таъминотига улатиш ва техник шарт ҳужжатларини расмийлаштириб бериши эвазига 6 миллион сўм пул талаб қилган.
Инспектор мазкур талаб қилинган маблағни фирибгарлик йўли билан олган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА