Саноатда энергия тежаш: Олимларнинг инновацион ечимлари
Энергетика соҳасини ривожлантириш ҳамма замонларда ҳам долзарб масалалар қаторида бўлган. Чунки электр энергиясисиз бугун бир дақиқамизни ҳам тасаввур қилолмаймиз. Усиз заводлару корхоналарда иш тўхтайди. Натижада иқтисодиёт инқирозга учрайди. Аммо энергия манбаси ҳам чексиз эмас. Ундан меъёрида фойдаланиш, исроф қилмаслик эса барчамизга бирдек масъулият юклайди.
Олимларимиз энергия сарфини камайтириш учун қандай тадқиқотлар олиб бормоқда? Ўтказилаётган тадқиқотлар натижасида амалиётга жорий этилган қандай янги усул ёки технологиялар бор? Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Энергетика муаммолари институти, “Энергия самарадорлиги ва энергия тежаш тизимлари” лабораторияси мудири, техника фанлари доктори Камолиддин Қодиров билан шу мавзуда суҳбатлашдик.
— Бугунги кунда саноат корхоналарида энергияни тежаш нима учун бу қадар муҳим бўлиб қолди?
— Мамлакат иқтисодиётининг энергия сиғими, яъни ялпи ички маҳсулот бирлигига сарфланадиган энергия миқдори кўп жиҳатдан саноат корхоналарининг технологик даражасига боғлиқ. Энергияни тежаш масаласининг бугунги долзарблиги бир неча ўзаро боғлиқ омиллар билан изоҳланади.
Биринчидан, электр энергиясига талаб барқарор ўсмоқда. 2026 йил ёзида суткалик истеъмол 284 миллион кВт·соат билан тарихий максимумга етди. Шу билан бирга, 2026 йилнинг биринчи ярмида электр тармоқларидаги йўқотишлар 17,2 фоизни ташкил этди.
Иккинчидан, электр энергиясининг улгуржи бозори шакллантирилиб, тарифлар бозор тамойилларига босқичма-босқич ўтмоқда. Энергия сиғими юқори тармоқларда (металлургия, кимё, цемент, тўқимачилик ва бошқа) энергия харажати таннархнинг ҳал қилувчи таркибий қисмига айланади. Демак, солиштирма энергия сарфи корхона рентабеллигини бевосита белгилайди.
Учинчидан, 2024 йилда қабул қилинган «Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги Қонун энергия самарадорлиги талабларини бузганлик ва ресурсларни меъёрдан ортиқча сарфлаганлик учун жавобгарликни назарда тутади. Энергия самарадорлиги агентлигига 2030 йилгача иқтисодиётда энергия сарфини камида 20 фоизга қисқартириш вазифаси юклатилган, 2026 йилнинг ўзида 4,3 миллиард кВт·соат электр энергияси ва 2,8 млрд м³ газни тежаш режалаштирилган.
Энергетика соҳасидаги тажрибадан келиб чиқиб шуни таъкидлаш лозимки, энергияни тежаш бир марталик тадбир сифатида эмас, балки доимий бошқарув жараёни сифатида ташкил этилгандагина барқарор натижа беради. Халқаро амалиётда бунинг учун ISO 50001 «Энергетик менежмент тизимлари» стандарти қўлланилади. Саноат корхоналарида энергетик сиёсат белгиланади, энергетик базавий чизиқ ҳамда энергетик самарадорлик кўрсаткичлари аниқланади ва натижалар мунтазам баҳолаб борилади. Бундай тизимни жорий этган корхоналарда катта инвестициясиз, фақат ташкилий чоралар ҳисобига ҳам энергия сарфини сезиларли камайтириш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда саноат корхоналарида энергияни тежаш бу фақат электр энергияси учун тўланадиган маблағни камайтириш эмас. Бу ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш, энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш ва мамлакат саноатининг халқаро рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим омилидир.
— Олимларимиз корхоналарда энергия сарфини камайтириш учун қандай тадқиқотлар олиб бормоқда? Тадқиқот натижалари қандай?
— Саноат корхоналарида энергия сарфини камайтириш бўйича қуйидаги йўналишлар бўйича амалий аҳамиятга эга тадқиқотлар амалга оширилмоқда:
– электр тармоқлари ва подстанциялардаги йўқотишларнинг илмий асосланган ҳисобини ишлаб чиқиш: трансформаторларнинг юкланиш режими, реактив қувват баланси, изоляция ресурсининг эскириши ва техник йўқотишларни камайтириш усулларини ишлаб чиқиш;
– юклама графикларини моделлаштириш ва прогнозлаш: саноат корхоналарнинг ўлчанган истеъмол профиллари асосида статистик ва интеллектуал моделлари ёрдамида юкламаларни олдиндан баҳолаш;
Масалан, енгил саноат корхоналарида трикотаж ва йигирув айланма тўқув машиналари ва йигирув ускуналарининг энергия истеъмоли ип тури, машина тезлиги, юкланиш даражаси ва смена тартибига кучли боғлиқлиги бўйича институтимиз ёш олимларининг сўнгги тадқиқотларида қуйидаги натижалар олинди. Яъни, корхоналар учун ARIMA каби статистик моделлар ва машинали ўрганиш усулларини бирлаштирган гибрид прогноз моделлари ишлаб чиқилиб, улар асосида технологик жараённи бузмасдан энергия сарфини камайтирувчи бошқарув алгоритмлари яратилди.
Саноат корхоналарида энергия сарфини камайтириш бўйича олиб борилаётган илмий тадқиқотлар натижасида бир қатор янги усул ва технологиялар амалиётга жорий этилмоқда. Жумладан, электр энергияси истеъмолини интеллектуал прогнозлаш, интеллектуал мониторинг тизимлари, электр двигателларини частота ўзгартиргичлар орқали бошқариш, чиқинди иссиқлик энергиясини қайта тиклаш ҳамда рақамли эгизак технологияларидан фойдаланиш шулар жумласидан. Ушбу технологиялар ёрдамида энергия сарфига таъсир этувчи омиллар аниқланади, электр юкламалари оптимал тақсимланади ва ускуналарнинг иш режимлари такомиллаштирилади. Айниқса, интеллектуал алгоритмлар орқали электр энергияси истеъмолини олдиндан прогноз қилиш ва меъёрдан ортиқ сарфланиш ҳолатларини аниқлаш имконияти яратилмоқда. Натижада саноат корхоналарида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, техник йўқотишларни камайтириш ва ишлаб чиқаришнинг энергетик самарадорлигини оширишга эришилмоқда.
— Бу тадқиқотлар корхонага нима беради? Камроқ электр сарфиними, камроқ харажатними ёки кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятиними?
— Тадқиқотларнинг корхона учун самарасини учта ўзаро боғлиқ кўрсаткич орқали баҳолаш мумкин. Бунда энергия истеъмоли, энергия харажатлари ва ишлаб чиқариш имконияти. Илмий нуқтаи назардан асосий мезон маҳсулот бирлигига тўғри келадиган солиштирма энергия сарфининг камайишидир, чунки у учала кўрсаткични ҳам ўзида акс эттиради.
Энергия истеъмолининг камайиши бу тўғридан-тўғри технологик самара. Оддий бир мисол, марказдан қочма насос ва вентиляторларда пропорционаллик қонунларига кўра истеъмол қуввати айланиш тезлигининг кубига мутаносиб: тезлик 20 фоизга камайтирилса, қувват қарийб 49 фоизга камаяди. Шу сабабли дроссел билан ростлашдан частотавий ростлашга ўтиш кўп ҳолларда 20–40 фоиз тежашни таъминлайди.
Электр энергия харажатларини фақат истеъмол қилинган электр энергияси билан эмас, балки электр энергияси истеъмолида юклама графигининг ўзгариши билан ҳам белгилаш мумкин. “Тиғиз” даврларда юкламанинг пасайиши трансформатор ва кабель тармоқларини кенгайтиришга кетадиган капитал харажатларни кечиктиради ва ток квадратига мутаносиб бўлган ички тармоқ йўқотишларини камайтиради. Мисол учун йилига 1 млн кВт·соат истеъмол қиладиган корхонада 10 фоиз тежаш бу 100 минг кВт·соатни ташкил этади. 1 кВт·соат электр энергиясининг нархи шартли 1000 сўм бўлса, йиллик иқтисод 100 миллион сўмга тенг бўлади. Электр энергияси истеъмолида техник йўқотишларнинг олдини олиш ва ускуналарнинг иш режимини оптималлаштириш электр энергияси учун тўланадиган маблағларни тежаш имконини беради. Шунингдек, ускуналарнинг носозлиги ва режадан ташқари тўхтаб қолиш ҳолатлари камайиши натижасида таъмирлаш харажатлари ҳам қисқаради.
Корхона раҳбари учун энг тушунарли кўрсаткич инвестициянинг қопланиш муддатидир. Масалан, юқоридаги 100 миллион сўмлик йиллик тежамни таъминлаш учун 150 миллион сўм сарфланса, оддий қопланиш муддати 1,5 йилни ташкил этади. Йирик лойиҳаларда эса дисконтланган кўрсаткичлар ҳамда тарифларнинг келгусидаги ўсиши ҳисобга олиниши керак, чунки тарифлар бозор тамойилларига ўтказилаётган шароитда тежалган ҳар бир кВт·соатнинг қиймати йилдан-йилга ортиб боради.
Саноат корхонасига ажратилган қувват лимити ва тармоқ ўтказувчанлиги чекланган. Юклама графиги текисланса ва ускуналарнинг фойдали иш коэффиценти ошса, мавжуд қувват доирасида кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин. Бу, айниқса, тармоққа қўшимча қувват билан уланиш имконияти чекланган ҳудудлардаги саноат корхоналари учун муҳим ҳисобланади.
— Корхоналарда энергия кўп сарфланишига асосан нима сабаб бўлади? Бу муаммони илм-фан ёрдамида ҳал қилиш мумкинми?
— Корхоналарда электр энергияси ва бошқа энергия ресурсларининг ортиқча сарфланиши замонавий саноатнинг энг муҳим илмий-техник муаммоларидан биридир. Бу муаммони илм-фан ёрдамида ҳал қилиш мумкин. Энг муҳими, энергия сарфини шунчаки камайтириш эмас, балки ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот сифатини сақлаган ҳолда энергиядан фойдаланиш самарадорлигини ошириш керак.
Корхоналарда энергиянинг ортиқча сарфланишига асосий сабаблар қилиб қуйидаги омилларни олиш мумкин. Эскирган ва самарадорлиги паст ускуналар, жумладан эски электр двигателлари, насослар, компрессорлар ва вентиляторлар ортиқча электр энергияси истеъмол қилади. Ускунанинг юкланиш даражаси номинал қийматдан анча паст бўлиши ҳам самарадорликни пасайтиради.
Электр юритмалар саноатдаги электр энергияси истеъмолининг катта қисмини турли баҳоларга кўра 60–70 фоизини ташкил этади. Шу боис двигателларни алмаштиришда давлат стандартлари бўйича юқори самарадорлик синфидаги двигателларни танлаш муҳим. Шу билан бирга, двигател қувватини ортиқча захира билан танлаш ҳам кенг тарқалган хатодир.
Электр тармоқларидаги техник йўқотишлар, жумладан трансформаторлар, кабеллар ва тақсимловчи электр тармоқларидаги актив қувват йўқотишлари, реактив қувват оқимлари ва кучланиш оғишлари энергия сарфининг ошишига сабаб бўлади.
Ушбу муаммолар илм-фан ёрдамида қуйидагича ҳал этилади. Илмий ёндашувда муаммонинг ечими фақат энергия тежовчи ускуна ўрнатиш билан чекланмайди. Энергия истеъмолини ўлчаш, математик моделлаштириш, прогнозлаш ва автоматик бошқариш ягона тизимга бирлаштирилиши керак.
Бунда энергетик текширувлар давомида энергия йўқотиш манбаларини аниқлаш, энергия сарфига таъсир қилувчи омилларни баҳолаш, электр юкламаларини мақбул тақсимлаш, энергия истеъмолини прогнозлаш, нормадан ташқари энергия сарфини аниқлаш, ускуналар иш режимини оптимал бошқариш ва энергия самарадорлигини узлуксиз назорат қилиш бўйича натижалар ҳисобига саноат корхоналарида энергия кўп сарфланишининг олди олинади.
— Бу изланишлар келгусида мамлакатимиз саноатини энергия тежамкор ва рақобатбардош қилишда қандай ўрин тутади?
— Олиб борилаётган илмий изланишлар келгусида мамлакатимиз саноат тармоқларини энергия тежамкор, юқори технологик ва халқаро бозорда рақобатбардош тизимга айлантиришда муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда саноат корхоналарида электр энергияси ва бошқа энергия ресурсларига бўлган талабнинг ортиб бориши, ишлаб чиқариш харажатларининг юқорилиги ҳамда энергетик ресурслардан фойдаланишдаги йўқотишлар энергия самарадорлигини оширишга қаратилган илмий-техник ечимларни ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.
Энергия самарадорлиги бўйича илмий изланишлар мамлакат саноатининг узоқ муддатли рақобатбардошлигини таъминлашда тизим шакллантирувчи аҳамиятга эга. Бунда стратегик режалаштиришнинг илмий асоси сифатида 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Энергия самарадорлигини ошириш миллий стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ундаги мақсадли кўрсаткичлар 2030 йилгача энергия сарфини камида 20 фоизга қисқартириш тармоқлар кесимидаги энергия баланси, тежаш салоҳияти ва чора-тадбирлар самарадорлигини илмий баҳолашни талаб қилади.
Илмий натижаларни амалиётга кенг жорий этишнинг асосий шарти малакали кадрлардир. Йирик корхоналарда энергетик менежер лавозимини жорий этиш, энергоаудиторлар ва энергетик муҳандисларни тайёрлашда реал корхона маълумотларига асосланган амалий машғулотлар ва виртуал лабораториялардан фойдаланиш муҳим. Таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси мустаҳкамланган тақдирдагина илмий ишланмалар лаборатория доирасида қолиб кетмасдан, корхоналарда реал иқтисодий самара бера бошлайди.
Бундан ташқари, “яшил” энергетикага ўтиш шароитида тизим барқарорлиги 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбаларининг электр ишлаб чиқаришдаги улушини 50 фоиздан ошириш режалаштирилган.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.