Муаммолар ечими ва янги техникалар имконияти
Бугунги кунда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригация тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва сув етказиб бериш тизими самарадорлигини ошириш қишлоқ хўжалиги барқарорлиги, ҳудудлар иқтисодий тараққиёти ҳамда аҳоли фаровонлиги билан бевосита боғлиқ. Айниқса, сув тақчиллиги тобора долзарб аҳамият касб этаётган шароитда ҳар бир томчи сувни асраш, мавжуд инфратузилмадан унумли фойдаланиш ва соҳани замонавий техника билан таъминлаш муҳим вазифалардан биридир.
Президентимиз ташаббуси билан сув хўжалиги тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳам айнан шу мақсадга — сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш, сув исрофгарчилигининг олдини олиш ва соҳа ходимлари учун зарур шароитлар яратишга қаратилган.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпўлатов ҳамда туман ҳокими Хуршид Тоҳиров Қоракўл туманида ирригаторлар ва сув хўжалиги соҳаси ходимлари билан учрашди.
Очиқ мулоқотда, аввало, соҳа вакилларининг кундалик фаолияти давомида дуч келаётган муаммолари, таклиф ва ташаббуслари тингланди. Суҳбат жараёнида суғориш тармоқларининг техник ҳолати, сувни истеъмолчиларга ўз вақтида ва манзилли етказиб бериш, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш, мавжуд моддий-техник имкониятлардан самарали фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, навбатдаги суғориш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, каналлар ва ички суғориш тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишларини ўз вақтида ташкил этиш, сув хўжалиги объектларининг узлуксиз фаолиятини таъминлаш ҳамда меҳнат самарадорлигини ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқотнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда мавжуд муаммоларни санаб ўтиш билан чекланилмади. Соҳа ходимлари томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар ҳар бири бўйича тегишли масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Кўтарилган масалаларни тизимли ўрганиш, уларнинг ечимини таъминлаш ва келгусида такрорланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Учрашув доирасида Қоракўл тумани Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасасига янги, замонавий техникалар ҳам тантанали равишда топширилди.
Бу эса соҳадаги амалий эҳтиёжлардан келиб чиқиб, хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган муҳим қадамдир. Янги техникалар муассасанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, суғориш тармоқларида таъмирлаш ва профилактика ишларини тезкор ташкил этиш, сув хўжалиги объектларида юзага келиши мумкин бўлган носозликларни ўз вақтида бартараф қилиш имконини беради.

Энг муҳими, техник имкониятларнинг кенгайиши сув етказиб беришдаги кечикишлар ва узилишларнинг олдини олиш, ирригация тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда сув истеъмолчиларига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири