Тоғ-кон тармоғида рақамли хавфсизлик бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Тоғ-кон саноати ва геология тармоғида рақамли хавфсизликни таъминлаш, ишлаб чиқариш инфратузилмасини замонавий кибертаҳдидлардан муҳофаза қилишда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.
Шу мақсадда тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари - Технологик трансформация маркази директори Одил Файзуллаев ҳамда "Касперский лабораторияси"нинг Қозоғистон, Марказий Осиё ва Мўғулистондаги бошқарувчи директори Валерий Зубанов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ахборот хавфсизлиги соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув давомида мазкур йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзоланди.
Ҳужжатга кўра, ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири тармоқ корхоналарида фойдаланиладиган ахборот тизимлари ва технологик жараёнларни автоматлаштирилган бошқариш инфратузилмасининг киберхавфсизлигини таъминлашдан иборат. Бунда мавжуд заифликларни ўз вақтида аниқлаш, эҳтимолий таҳдидларни баҳолаш ва уларнинг олдини олиш бўйича ечимларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, соҳа мутахассисларининг касбий салоҳиятини ошириш мақсадида ўқув семинарлари ва амалий тренинглар ташкил этиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда ўзаро билим алмашиш режалаштирилган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА