Халқаро ҳамкорлик асосида ёшлар учун замонавий IT таълими йўлга қўйилади
Мамлакатимизда ёшларнинг замонавий касбларни эгаллаши, ахборот технологиялари соҳасида билим ва кўникмаларини ривожлантириши ҳамда муносиб иш билан таъминланиши учун янги имкониятлар яратилмоқда. Бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудларда рақамли таълим инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва ёшларнинг IT соҳасидаги салоҳиятини рўёбга чиқариш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳа доирасида дастлабки амалий ишлар олиб борилмоқда.
Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов KOICA экспертлари делегацияси билан учрашув ўтказди. Унда экспертларнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида амалга оширган ўрганишлари натижалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Нукус ва Қарши шаҳарларида ташкил этилиши режалаштирилган иккита IT-ҳаб ҳамда ҳудудлардаги 14 та рақамли таълим маркази учун ажратилган бино ва ер майдонларининг ҳолати ўрганилди. Уларнинг жойлашуви, техник имкониятлари ва замонавий стандартлар асосида жиҳозланиши юзасидан экспертлар ҳисоботи кўриб чиқилди, дейилади Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотида.
Учрашувда лойиҳанинг якуний иш режаси ва амалга ошириш муддатлари ҳам келишиб олинди. Шунингдек, ҳудудлардаги ёшларни халқаро стандартларга мос IT таълими билан қамраб олиш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва юқори даромадли иш ўринларига жойлашишига кўмаклашиш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, 2026–2032 йилларга мўлжалланган ушбу лойиҳа ҳудудларда рақамли таълим инфратузилмасини ривожлантириш, ёшларнинг стартаплари ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
М. ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА