“Саноат учбурчаги” дастури ижроси: Маҳаллий думпкарлар синовда
Маълумки, “Саноат учбурчаги” дастури ижросини таъминлаш мақсадида “Олмалиқ КМК” АЖ, “Андижон механика заводи” АЖ ва “Олмалиқ қуюв-механика заводи” МЧЖ ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган эди.
Ушбу уч томонлама ҳамкорлик асосида, тоғ-кон саноатида тоғ жинсларини ташишда кенг қўлланиладиган, юк кўтариш қуввати 115 тонна бўлган юқори самарали думпкарлар (ўзи ағдарувчи вагонлар) ишлаб чиқариш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилганди. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида 2025 йилда “Андижон механика заводи” АЖда ушбу махсус транспорт воситасининг дастлабки намунаси муваффақиятли ишлаб чиқарилди.
2026 йилнинг май ойига келиб, “Андижон механика заводи” АЖ томонидан умумий қиймати 2,8 млрд сўм бўлган дастлабки думпкар ОКМКга фойдаланиш учун етказиб берилди ва ишлаб чиқариш шароитида синовдан ўтказиш жараёни бошланди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, маҳаллийлаштириш лойиҳаси доирасида “Андижон механика заводи” АЖ томонидан комбинат эҳтиёжлари учун жами 196 та худди шундай замонавий думпкарлар етказиб берилиши кўзда тутилган. Ушбу темир йўл транспортлари комбинат конларидан бойитиш фабрикаларига маъданларни узлуксиз ҳамда хавфсиз ташишда асосий логистик восита бўлиб хизмат қилади.

Ишлаб чиқариш жараёнларида маҳсулот сифатини халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида, фақатгина халқаро ва миллий мувофиқлик сертификатларига эга бўлган юқори сифатли бутловчи буюмлар ҳамда эҳтиёт қисмлардан фойдаланилмоқда. Ҳозирги кунда думпкарларнинг ўзини ҳам тўлиқ сертификатлаштириш жараёнлари олиб борилмоқда. Бу борада барча техник ва технологик талабларга, хавфсизлик меъёрларига риоя қилинишига алоҳида урғу берилган бўлиб, бу тайёр маҳсулотнинг узоқ муддат ва ишончли хизмат қилишини таъминлайди.
Ахборот хизмати