Иншоотларнинг ижара шартномасини рўйхатдан ўтказиш мулкдор ёки ваколатли вакил зиммасига юклатилади
Парламент қуйи палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида дастлаб Президентимизнинг маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан учрашуви, унда илгари сурилган янги ташаббуслар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Фракция раҳбари Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига ўтаётгани ва бу борада амалга оширилаётган ишлар тарғиботи ҳамда халқимиз маънавияти, ёшлар тарбиясини мустаҳкамлашда маданият ва санъат соҳаси вакилларининг ўрни алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. Учрашувда ана шундай эҳтиёждан келиб чиқиб, маданият ва санъат соҳаси вакиллари олдида бир қатор вазифалар белгилаб берилгани, бу жараёнда партия вакиллари ҳам ЎзМТДП дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда фаол иштирок этиши лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, йиғилишда “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги қонуннинг 35-моддасига қўшимча киритишга қаратилган лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, амалиётда кўчмас мулкка оид ижара ҳуқуқини давлат рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ айрим камчиликлар мавжудлиги аниқланган. Жумладан, бир йилдан кам бўлмаган муддатга тузилган кўчмас мулкка доир ижара ҳуқуқлар давлат реeстрида рўйхатдан ўтказилиши керак. Лекин қонунчиликда ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишда ҳужжатларни ижарага берувчининг ёки ижарага олувчининг қайси бири томонидан топширилиши аниқлаштирилмаган.

Бунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 68/1-моддасида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат қилинмаганлиги юзасидан жавобгарлик назарда тутилган. Шу тариқа қонунчиликда ҳуқуқий бўшлиқ юзага келиб, мазкур ҳуқуқбузарлик учун ким жавобгарликка тортилиши ноаниқ бўлиб қолган.
Мазкур лойиҳада бинолар ва иншоотларнинг ижара шартномасини рўйхатдан ўтказиш мажбурияти, агар ижара шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бинонинг ёки иншоотнинг мулкдори ёхуд унинг ваколатли вакили зиммасига юклатилиш кўзда тутилмоқда.
М.Комилова, ЎзА