“Вазир соати”да устувор вазифалар белгиланди
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова раҳбарлигида навбатдаги “Вазир соати” йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда янги ўқув йилида болаларни 1-синфга қабул қилиш жараёнлари, “Мухлислар майдони” лойиҳасини такомиллаштириш ҳамда соҳа фаолияти тарғиботи самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари, ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 20 июнидан бошланадиган 1-синфга қабул жараёнларини юқори савияда ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Масъулларга қабул жараёнлари онлайн ва анъанавий тартибда амалга ошириладиган ҳудудлар, ташкил этилган штаблар ҳамда Ишонч телефонлари ҳақида ота-оналарни кенг хабардор қилиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, ҳар бир мурожаатни синчиклаб ўрганиш ва фуқароларга тушунтириш ишларини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда мамлакат бўйлаб 220 та умумтаълим мактабида ташкил этилаётган “Мухлислар майдони” лойиҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Лойиҳани самарали амалга ошириш мақсадида мактабларнинг тайёргарлик ҳолатини қайта кўриб чиқиш, уларни футбол томошаларини намойиш этиш учун зарур техник воситалар билан таъминлаш ҳамда хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.

Шу билан бирга, соҳа фаолиятини аҳолига етказиш ва жамоатчилик билан мулоқотни янада кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган долзарб муаммоларни тезкор аниқлаш ва ҳал этиш, ахборот тарқатиш самарадорлигини ошириш ҳамда тизимдаги барча бўғинлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилиб, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА