Ер участкасининг ижара ҳуқуқидан гаров сифатида фойдаланиш имконияти кенгайтирилмоқда
Қуйи палатадаги O‘zLiDeP фракциясининг йиғилишида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Лойиҳада илк бор тадбиркорликнинг асосий принциплари, жумладан, тадбиркорлар тенглиги, давлат органлари билан муносабатларда ҳуқуқларининг устуворлиги ҳамда қонунчиликнинг барқарорлиги каби муҳим кафолатлар белгиланмоқда.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратиш, субсидиялар, грантлар, имтиёзли кредитлар ва солиқ енгилликлари орқали давлат қўллаб-қувватлаш механизмларини қонун даражасида мустаҳкамлаш назарда тутилган. Мулк дахлсизлигини кучайтириш ва хусусийлаштириш натижаларини асоссиз қайта кўриб чиқишга чек қўйиш ҳам лойиҳанинг муҳим янгиликларидан ҳисобланади.

Яна бир муҳим жиҳат — тадбиркорлар Мажбурий талаблар реестрига киритилмаган талаблар учун жавобгарликка тортилмайди. Шу билан бирга, масъулиятли бизнес юритиш ва ижтимоий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар жорий этилмоқда. Мазкур ўзгаришлар мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва хусусий сектор ривожини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, йиғилишда ер муносабатларини янада тартибга солиш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, лойиҳада ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатларининг олдини олиш, ер эгалари ва фойдаланувчиларнинг масъулиятини ошириш ҳамда ер ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича муҳим нормалар назарда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада қишлоқ хўжалиги ерларини қайта ижарага бериш тартибини аниқ белгилаш, бўш турган ер участкаларини ҳисобга олиш ва ер участкаларини бирлаштириш механизмларини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, ер участкасини ижара қилиш ҳуқуқидан кредит, лизинг, ипотека ва банк кафолатлари учун гаров сифатида фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА