Самарқандда тарихий муҳит қайта жонланмоқда
Самарқанд деганда кўз ўнгимизда асрлар силсиласидан омон ўтиб келаётган бетакрор тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар ва миллий меъморчиликнинг ноёб намуналари гавдаланади. Бугун кўҳна кентда ана шу бой тарихий меросни асраб-авайлаш, сайёҳлар учун қулай шарт-шароит яратиш ва шаҳарнинг туристик жозибадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 июндаги «Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Самарқанд шаҳридаги 13 та кўчада замонавий туризм инфратузилмасини шакллантириш, аҳоли ва сайёҳлар учун қулай муҳит яратишга қаратилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Регистон майдони яқинидаги «Дари Занжир» ва «Шарқ» маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи Бухоро кўчасининг 1,2 километрлик қисми реконструкция қилинмоқда. Бунда кўчанинг меъморий қиёфасини атрофдаги тарихий обидалар билан уйғунлаштириш, миллий меъморчилик анъаналарини акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 11,5 миллиард сўмни ташкил этади.
– Маҳалламиздаги 447 та хонадонда 2 минг 354 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди «Дари Занжир» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Саттаров. – Айни кунларда ҳудудимизда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, Регистон майдонидан Имом Мотуридий мақбарасига элтувчи Бухоро кўчаси ўзига хос тарихий қиёфа касб этмоқда. Кўча бўйидаги 120 дан ортиқ хонадон миллий услубда таъмирланди. Ҳудудимизда шу кунга қадар 10 та кичик меҳмонхона фаолият юритган бўлса, ҳозирда яна тўрттаси ташкил этилмоқда. Уларни миллий услубда жиҳозлаш орқали хорижлик сайёҳларни аждодларимизнинг турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналари билан яқиндан таништириш мақсад қилинган.
Самарқанднинг тарихий қисмида миллий меъморчилик анъаналари асосида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари шаҳар қиёфасига ўзгача файз бағишлаш баробарида, сайёҳлик хизматлари кўламини кенгайтириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳам янги имкониятлар яратмоқда.
[gallery-32725]
Бухоро кўчасининг янгиланаётган қиёфаси кўҳна Самарқанднинг тарихий муҳитини янада ёрқин намоён этиб, шаҳарнинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА