Инсон Марсда яшай оладими?
Инсоният тарихидаги энг улкан илмий ва технологик мақсадлардан бири Ердан ташқарида ҳаёт кечириш имкониятини яратишдир. Бу борада олимлар эътибори кўпроқ Қизил сайёрага қаратилган. NASA, Европа коинот агентлиги (ESA), Хитойнинг CNSA тузилмаси ва “SpaceX” хусусий компанияси Марсни ўрганиш, ушбу сайёрага одам жўнатиш ҳамда келажакда самода яшаш манзиллари барпо этиш устида иш олиб боряпти.
Табиийки, Марсга бориш билан ўша жойда яшашнинг фарқи бор. Кучли радиация, кескир совуқ, нафас олиш учун яроқсиз атмосфера, сув ва энергия таъминоти билан боғлиқ муаммо ҳамон ечим кутмоқда. Шу билан бирга сайёрадаги муз ва ҳаво таркибидан фойдаланиш мутахассисларда жиддий қизиқиш уйғотмоқда. Хўш, ҳаёт кечириш учун нега айнан Марс танланган? Инсон қадами Қизил сайёрага қачон етади? Самода мустақил яшайдиган жойлар борми? Марсни ўзлаштириш йўлида сарфланаётган миллиардлаб доллар маблағ ўзини оқлайдими?
Нима учун Марс?
Қуёш тизимида Ерга энг яқин сайёра Венера бўлса-да, инсон яшаши учун шароит яратиш нуқтаи назаридан Марс нисбатан истиқболли ҳисобланади. Бунинг бир неча сабаби бор. Аввало, Марсдаги муҳит Венераникига нисбатан анча қулай. Венера юзасида ҳарорат тахминан 465 даражага кўтарилади, ҳаво босими Ердагидан қарийб 92 баробар юқори. Марсда эса ўртача ҳарорат тахминан -63 даража, айрим ҳудудларда кундузи ҳарорат нолдан кўтарилади. Яна бир муҳим жиҳат: Марсда сутка – 24 соат 39 дақиқа. Айнан шу давомийлик Ердаги кунлик биология ритмга мослашиш учун қулайлик яратади. Сайёрада фасллар ҳам мавжуд.
Иккинчидан Марсда сув захираси бор. Қутб ҳудуди ва ер ости қатламида аниқланган музни келажакда қазиб олиш ва қайта ишлаш орқали ичимлик суви, кислород ҳамда ракета ёнилғиси ҳосил қилиш мумкин.
Учинчидан олимлар Марснинг қадимги муҳитини ўрганишга аҳамият бермоқда. Геологик далил сайёрада миллиардлаб йил аввал дарё ва кўллар бўлганини кўрсатади. Шу боис айни тадқиқот нафақат яшаш имконини қидириш, балки ҳаёт Ердан бошқа манзилларда ҳам пайдо бўлган-бўлмаганини аниқлашга ёрдам беради. Марсдаги тортишиш кучи Ерга нисбатан қарийб 38 фоиз. Бу ҳаракат ва юк ташишни осонлаштириши мумкин. Бинобарин, паст гравитациянинг инсон танасига узоқ муддатли таъсири ҳали тўлиқ ўрганилмаган.
Демак, Марс Ернинг айнан нусхаси эмас, аммо бошқа сайёралар билан таққосланганда, экспедиция ва илмий тадқиқот учун нисбатан истиқболлидек туюлади.
Марсга қачон борамиз? Технология шунга тайёрми?
Ҳозиргача Марсга роботлаштирилган қурилмалар юбориш бўйича муайян тажриба тўпланган. Фақат одамни етказиш, хавфсиз қўндириш ва Ерга қайтариш жуда мураккаб вазифа.
NASA Марсга инсон парвозини амалга ошириш учун зарур технологияни ривожлантирмоқда. Агентлик расмий маълумотида бундай миссия 2030-йилларда амалга ошиши эҳтимоли келтирилган. Бу аниқ белгиланган сана эмас, албатта. NASA ҳузуридаги “Artemis” дастури ҳам айни жараёнда муҳим ўрин эгаллайди. Шу тариқа Ойда узоқ муддатли тадқиқот олиб бориш, янги технологияни синаш ва келажакда Марсга одам юбориш учун зарур тажриба тўплаш кўзда тутилган.
Хусусий секторда ҳам иш олиб бориляпти. Жумладан, “SpaceX” оғир юкни ташиш ва қайта фойдаланишга мўлжалланган “Starship” фазо кемаси яратяпти. Компания мақсади – Марсга инсон ва кўп ҳажмда юк етказиш. Афсуски, технология синовдан ўтказилиши инсоннинг бевосита иштирокидаги Марс миссияси учун тўлиқ тайёрликни англатмайди. Бу жараёндаги энг мураккаб вазифа оғир фазо кемасини сайёранинг сийрак атмосфераси орқали хавфсиз қўндириш. NASA ихтиёридаги, 2024 йилга тегишли “Moon to Mars Architecture” ҳужжатида ҳам инсонни Қизил сайёрага юбориш ва кейин Ерга қайтариш учун қатор янги муҳандислик ечимлари зарурлиги таъкидланган.
Ердан Марсга етиш учун бир неча ой керак бўлиши мумкин. Бу вақт оралиғида экипажни радиациядан ҳимоя қилиш, озиқ-овқат, сув ва кислород билан таъминлаш талаб этилади. Қайтиш ёнилғисини олдиндан тайёрлаш ёки сайёрада ишлаб чиқариш технологияси яратиш ҳам муҳим масала. Ҳозир шу мақсадда айрим технологиялар ишлаб чиқилган ва синовдан ўтказиляпти. Фақат хавфсиз бориш, яшаш ва қайтишни таъминлайдиган яхлит тизим ҳали тўлиқ шакллантирилмаган.
Радиация, кескир совуқ ва кислород етишмовчилиги инсонга қандай таъсир қилади?
Марсда яшашга тўсқинлик қиладиган асосий омил – радиация. Қуёшдан келадиган зарарли заррачалардан Ерни магнит майдони ва атмосфера ҳимоя қилади. Марсда эса глобал магнит майдони мавжуд эмас, атмосфера қатлами ҳам нисбатан сийрак. Демак, сайёра юзасида ва сафар давомида киши юқори радиация таъсирига дуч келади.
Айни хавф кўламини NASA “Curiosity” роверига ўрнатилган RAD радиацияни ўлчаш асбоби маълумоти ҳам кўрсатади. 2013 йил эълон қилинган ҳисоботда 180 кунлик бориш, Марсда 500 кун қолиш ва яна 180 кунлик қайтиш давомида инсон тахминан 1 зиверт радиация олиши айтилган. Бундай таъсир саратон касаллиги хавфини оширади, ҳужайра ва ДНКга зарар етказади. Шунинг учун фазо кемаси ва Марсдаги яшаш манзилини радиациядан ҳимоялаш ўта муҳим.
Иккинчи йирик муаммо – ҳарорат. NASA маълумотига кўра, Марсда ўртача ҳарорат -63 даража. Қутб ҳудудида эса ҳаво янада совийди. Атмосфера сийраклиги туфайли иссиқлик яхши сақланмайди. Шунинг учун одам иссиқлик ушлайдиган махсус кийим ва ҳарорат назорат қилинадиган ёпиқ иншоотда яшашига тўғри келади.
Учинчи муаммо – кислород етишмовчилиги. Марс атмосферасининг тахминан 95-96 фоизи карбонат ангидриддан иборат, кислород улуши атиги 0,13 фоиз. Қисқаси, ҳаво нафас олиш учун яроқсиз. Қолаверса, сайёра юзасидаги атмосфера босими Ердагидан анча паст. Демак, инсон скафандрсиз очиқ муҳитда яшай олмайди.
Паст гравитация ҳам алоҳида хавф туғдиради. Ердагига нисбатан анча кам тортишиш кучи мушак заифлашуви, суяк зичлиги камайиши ва юрак-қон томир тизими ўзгаришига олиб келади. Бундай ҳолатнинг узоқ муддатли оқибати ҳали ўрганилмаган.
Умуман, Марсда инсон яшаб кетиши фақат скафандрга боғлиқ эмас, балки радиациядан ҳимоя, сунъий атмосфера, барқарор ҳарорат ва тиббий назорат тизими бир вақтда ишлаши зарур.
Марсда мустақил яшаш манзили қуриш, ресурс билан таъминлаш иложи борми?
Марсни ўзлаштириш режасидаги энг муҳим йўналишлардан бири Ердан олиб бориладиган ресурсга қарамликни камайтириш. Зеро, ҳар бир қўшимча юкни етказиш беқиёс маблағ, мураккаб логистикани тақозо этади.
Олимлар бунинг учун ISRU – сайёранинг ўзида мавжуд ресурсдан фойдаланиш технологиясини ишлаб чиқмоқда. Бу борадаги энг муҳим тажриба – NASA “Perseverance” роверига ўрнатилган MOXIE қурилмаси Марс атмосферасидаги карбонат ангидриддан кислород ажратиб олиш имкониятини синаб кўрди.
2023 йил сентябрда NASA мазкур қурилма белгиланган вазифани муваффақиятли бажарганини маълум қилди. MOXIE Марсда 16 марта кислород ишлаб чиқариб, жами 122 грамм фойдали ҳаво ҳосил қилди. Энг самарали ишлаган пайтида эса бир соатда 12 грамм, 98 фоиздан юқори тозаликдаги кислород олишга эришди.
Бу тажриба келажакда Марсда нафас олиш учун кислород ва ракета ёнилғиси ишлаб чиқариш имкони борлигини кўрсатди. Фақат ҳозирча бу технология инсонни узоқ муддат таъминлаш даражасига етмаган.
Яшаш манзили барпо этиш бўйича ҳам бир неча ечим таклиф этилмоқда. Жумладан иншоотни радиациядан ҳимоялаш учун Марс тупроғини реголит билан қоплаш, ер ости хонаси ёки табиий ғордан фойдаланиш мумкин. Сувни муз қатламидан олиш, қайта ишлаш ва ёпиқ айланма тизимда ишлатиш режалаштирилмоқда.
Озиқ-овқат таъминоти учун эса махсус иссиқхона, гидропоника ва бошқа тупроқсиз етиштириш технологиясидан фойдаланиш имконияти ўрганиляпти. Афсуски, бундай тизимлар Марс шароитида узоқ муддат мустақил ишлаши ҳали исботланмаган.
Энергия таъминоти ҳам жиддий муаммо. Қуёш панели электр ишлаб чиқариши мумкин, аммо чанг бўрони самарадорликни пасайтиради. Шу боис NASA узоқ муддатли миссияда ядровий энергия манбаидан фойдаланишни ҳам истиқболли йўналиш сифатида кўряпти. Демак, Марсда ҳаёт учун зарур айрим ресурслар мавжуд, аммо унсурларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва инсон эҳтиёжини қондирадиган даражага етказиш мураккаб муҳандислик вазифаси бўлиб қолмоқда.
Сарфланаётган миллиардлаб доллар маблағ ўзини оқлайдими?
Марс тадқиқотига сарфланаётган маблағ ҳақида гап кетганда, фақат сайёрада шаҳар қуриш ёки инсонни сайёрага етказиш сарфини ҳисоблаш тўғри эмас. Бинобарин, бу дастурлар давомида ишлаб чиқилаётган технологиядан Ерда ҳам фойдаланиш мумкин.
Масалан, сувни қайта ишлаш, ҳавони тозалаш, энергияни тежаш, автоном робот, масофадан бошқариладиган тиббий қурилма ва оғир шароитда ишлайдиган материал соҳасидаги ишланмалар фазовий тадқиқот билан бирга ривожланмоқда.
Марсни ўрганишнинг яна бир муҳим натижаси – Ернинг ўтмиши ва келажагини яхшироқ тушуниш имконияти. Олимлар Марсдаги атмосфера ўзгариши, магнит майдони йўқолиши ва сув захираси камайишини ўрганиш орқали сайёралар эволюцияси ҳақида янги маълумотга эга бўлмоқда.
Қолаверса, айни тадқиқотни яқин истиқболда тўғридан-тўғри иқтисодий фойда келтирадиган лойиҳа сифатида баҳолаш керак эмас: Қизил сайёрада ҳозирча ишлайдиган саноат, савдо бозори ёки ўзини молиявий жиҳатдан таъминлайдиган инфратузилма мавжуд эмас. Инсон иштирокидаги миссия, яшаш манзили, энергия тизими ва транспорт воситасига сарфланадиган маблағ ҳам беҳисоб.
Шу сабабли мазкур сармоя ўзини оқлаши фақат Марсда даромад олиш эмас, балки илмий кашфиёт, янги технология ва Ердаги муаммоларга ечим топишга қўшилаётган ҳисса билан ҳам баҳоланиши лозим. Яъни Марсга сарфланаётган маблағ самараси бевосита иқтисодий фойда билан ўлчанмайди. Бинобарин, ҳозирги ҳолат ҳар қандай харажатни оқлаш учун асос ҳам бўла олмайди. Коинот дастурларининг илмий аҳамияти, хавфсизлиги ва иқтисодий самарадорлиги мунтазам баҳолаб борилиши шарт.
Марсда миллионлаб одам яшайдиган шаҳарлар қуриш мумкинми?
Марсда миллионлаб одам истиқомат қиладиган шаҳарлар қуриш ғояси сўнгги йилларда фазовий тадқиқот билан бирга кўп муҳокама қилинмоқда. Тўғри, олимлар айни мақсадни яқин келажакда амалга ошириш мумкин бўлган вазифа сифатида баҳолаётгани йўқ. Бу борада икки хил қараш бор. Биринчи йўналиш вакиллари, жумладан Марс жамияти асосчиси Роберт Зубрин ва “SpaceX” раҳбари Илон Маск инсоният келажакда кўп сайёрали цивилизацияга айланиши зарурлигини таъкидлайди. Уларнинг фикрича, Марсда доимий манзилгоҳлар барпо этиш инсон учун узоқ муддатли истиқбол ва Ерда юз бериши эҳтимоли бор глобал фалокатлардан сақланиш имкониятини кенгайтиради. Бошқа олимлар эса бундай режанинг амалий имкониятига шубҳа билан қарайди. Яъни, Марсни терраформалаш орқали мавжуд муҳитни Ер шароитига яқинлаштириш ғояси ҳозирги технология билан амалга ошиши қийинлиги таъкидланади.
2018 йил “Nature Astronomy” журналида эълон қилинган америкалик олимлар Брюс Якоски ва Кристофер Эдвардс тадқиқотида Марсдаги мавжуд карбонат ангидрид захираси сайёра ҳарорати ва атмосфера босимини инсон яшаши учун етарли даражада оширишга кифоя қилмаслиги қайд этилган. Мазкур ҳужжат муаллифлари ҳозирги технология билан Марсни Ерга ўхшаш сайёрага айлантириш имкони йўқ, деган хулосага келган. Шунинг учун миллионлаб одам яшайдиган очиқ шаҳарлар бунёд этишдан кўра, дастлаб махсус ҳимояланган иншоотлар, ер ости базалари ва кичик илмий манзилгоҳлар барпо этиш ишончлироқ вазифа сифатида баҳоланади. Бундай манзилларда одамлар сунъий равишда яратилган атмосфера, ҳарорат ва босим назорати остида яшаши мумкин. Сув қайта ишланади, кислород ишлаб чиқарилади, озиқ-овқатнинг бир қисми ёпиқ иссиқхонада етиштирилади. Фақат бундай тизимлар узоқ муддат узлуксиз ишлаши синовдан ўтказилиши керак.
Марсни ўзлаштириш инсониятнинг энг мураккаб илмий-техник лойиҳаларидан бири бўлиб қолмоқда. Сайёрада муз борлиги, атмосферадан кислород ажратиб олиш имкони ва Ерга нисбатан айрим ўхшашликлар келажакда инсон Қизил сайёрада яшашига умид уйғотади. Тўғри, ҳозирча бу имкониятни мустақил ва барқарор ҳаёт учун етарли деб бўлмайди. Радиациядан ҳимояланиш, энергия ишлаб чиқариш, сув ва озиқ-овқат таъминоти, паст гравитациянинг инсон организмига таъсири ҳамда сайёрадан қайтиш масаласи ҳал этилиши керак. Шу нуқтаи назардан Марс яқин келажакда миллионлаб одам яшайдиган янги ватанга айланишидан кўра, илмий тадқиқот ва чекланган инсон экспедицияси учун муҳим манзил бўлиши эҳтимоли юқори.
Энг муҳими, Марсни ўрганиш фақат бошқа сайёрада яшаш имкониятини излаш эмас. Бу жараён инсонга ўз сайёрасининг нақадар ноёблигини ҳам англатади. Зеро, Ерда табиий равишда мавжуд бўлган ҳаво, сув, қулай ҳарорат ва ҳаёт учун зарур шароитни бошқа сайёрада сунъий равишда яратиш нечоғли қийинлигини Марс мисолида кўриш мумкин.
Фардона Яхшибоева, ЎзА