Келажакка йўлланган мактуб
Акс-садо
Баъзан биргина жумла инсонни йиллар ортига етаклайди. Унутилган хотиралар уйғонади, кўз олдингизда қадрдон инсонларнинг сиймоси гавдаланади. Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг набираси Шавкатбекка йўллаган мактубини ўқиб, менда айнан шундай туйғу пайдо бўлди. Беихтиёр бобом – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган механизатор Ҳабибулло Умарбоев ёдимга тушди.
Давлатимиз раҳбари ўз мактубида болалик йилларини эслар экан, ёзнинг жазирамасида ғўза чопгани, изғирин совуқда пахта тергани, ҳатто мактабда ўқиган ўн йилининг деярли ярми далада ўтганини алоҳида таъкидлайди. Бу сатрларни ўқир эканман, бобомнинг ҳаёт йўллари, меҳнат фаолияти давомида бошдан кечирганлари ва менга айтиб берган хотиралари бирма-бир хаёлимдан ўтди.
Бобом механизатор Ҳабибулло Умарбоев Наманган шаҳрида таваллуд топган бўлсада, олий таълимни тамомлагач, бутун умрларини қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишлади. Меҳнат фаолиятининг салмоқли қисми Андижон вилояти билан боғлиқ. Ўн икки йил давомида вилоятнинг турли туманларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритди. Ўша йилларнинг қишлоқ хўжалиги, пахта сиёсати, унинг ортида турган машаққатлар, даладаги заҳмат ва инсонлар зиммасига тушган оғир масъулият ҳақида бобомдан кўп эшитганман.
Болаликда бу ҳикояларни оддий хотиралар сифатида тинглардим. Бугун эса уларнинг замирида бир даврнинг нафаси, бутун бир авлоднинг тақдири, меҳнат ва матонат мужассам эканини чуқурроқ англаяпман. Чунки тарих фақат китобларда, расмий ҳужжатларда ёки саналарда яшамайди. У, аввало, ўша даврни ўз кўзи билан кўрган, унинг оғир-енгил кунларини бошидан кечирган инсонларнинг хотирасида сақланади.
Президентимиз мактубининг мен учун яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда ўтмишдаги машаққатлар шунчаки хотирланмайди, балки бугунги кун билан қиёсланиб, келажак авлод олдидаги масъулиятга урғу берилади. «Бундай азобларни сизларга, халқимнинг барча фарзандларига асло-асло раво кўрмайман», деган фикрда бутун бир авлоднинг фарзандлари учун билдирилган эзгу истак мужассам.
Дарҳақиқат, ҳар бир даврнинг ўз синовлари, ўз ташвишлари бўлади. Аммо ота-оналар ва боболардан қоладиган энг катта мерос фарзандлари ўша машаққатларни такрор бошдан кечирмаслиги, улардан кўра яхшироқ шароитда яшаши, билим олиши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун яратилган имкониятлардир. Мактубда болаларни пахта далаларидан мактабга қайтариш, таълим ва тарбия масаласига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам ана шу ҳаётий ҳақиқатнинг ифодасидир.

Менимча, ушбу мактубнинг қадрли томони унинг фақат бир набиpага аталганида эмас. Унда ҳар бир ўзбекистонлик ота-онанинг фарзандига, ҳар бир бобонинг неварасига айтиши мумкин бўлган самимий насиҳатлар бор. Илм олиш, вақтни қадрлаш, хорижий тилларни ўрганиш, замонавий технологиялардан оқилона фойдаланиш, бошлаган ишини охирига етказиш, Ватанга садоқатли бўлиш ҳақидаги фикрлар ёш авлод учун ҳаётий дастуруламал бўла олади.
Мактубни ўқир эканман, унда давлат раҳбарининг мулоҳазалари билан бирга, набирасига меҳр билан мурожаат қилаётган бобонинг қалб овозини ҳам ҳис қилдим. Зеро, мансаб ва мақомлардан қатъи назар, инсон қалбида аввало ота, бобо, фарзанд ва Ватан олдидаги масъулият туйғуси яшайди.
Бугун бобом ҳаёт бўлганларида, эҳтимол, бу мактуб ҳақида улар билан яна узоқ суҳбатлашган бўлардим. Уларнинг ўтмиш ҳақидаги ҳикояларини бу гал бошқача нигоҳ билан тинглардим. Чунки кечаги кун машаққатларини англаш бугунги тинч ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, эртанги кун олдидаги бурчимизни ҳис қилиш демакдир.
Бир мактуб мутолааси мени бобомнинг хотиралари сари етаклади. Назаримда, унинг энг катта маънавий қиймати ҳам шунда: у ўтмиш билан бугунни боғлайди, боболар бошидан кечирган ҳаёт синовларини набиралар орзу қилаётган келажак билан туташтиради. Зеро, ҳар бир авлод ўзидан кейингига нафақат хотира, балки умид, ишонч ва масъулият ҳам қолдириши керак.
Санжарбек Ҳамидов,
”Наманган садоси” газетаси муҳаррирининг ўринбосари.
ЎзА