Самарқанд ва Андонг биродарлашади
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Корея Республикасининг Кёнсан-пукто провинцияси Андонг шаҳри депутатлар кенгаши раиси ўринбосари Сон Кван Ён бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши раҳбарияти ва депутатлар Корея делегацияси билан учрашув ўтказди.
Кенгаш раиси Шуҳрат Негматов Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари йил сайин ривожланиб бораётганлигини қайд этиб, ушбу ташриф ҳам томонларнинг янада яқинлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг фаолияти, депутатлар таркиби, улар томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Андонг шаҳри депутатлар кенгаши раиси ўринбосари Сон Кван Ён ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқалари юқори суръатда давом этаётганини таъкидлаб, ташрифдан мақсад мавжуд алоқаларни янги босқичга кўтаришга қаратилганлигини қайд этди.
– Самарқанд ва Андонг қадимий шаҳарлар бўлгани боис, улар ўртасида ўзаро узвий боғлиқлик бор, – деди Сон Кван Ён. – Бу шаҳарлардаги маданий мерос объектларини асраб-авайлаш келажак авлод олдидаги асосий вазифамиз ҳисобланади. Шу боис, маданий меросни асраш бўйича ҳамкорлик алоқаларини кучайтиш, улардан самарали фойдаланиш борасидаги тажрибаларни алмашиш ҳар иккала томон учун манфаатли бўлади. Шунингдек, ёшлар сиёсати борасида ҳам ҳамкорликни амалга ошириш борасида таклифларимиз бор. Бу масала ҳам ҳар иккала давлат сиёсатида муҳим ўрин тутади.
[gallery-31989]
Масъуллар учрашувда билдирилган таклифлар ҳар икки томон учун манфаатли бўлишини таъкидлаб, ўзаро учрашувларни кўпайтириш тарафдори эканликларини билдирди. Шу асосда Самарқанд вилояти делегацияси келгуси йилнинг февраль ойида Андонг шаҳрига ташриф буюриши қайд этилди. Ушбу ташриф доирасида Самарқанд ва Андонг шаҳарлари ўртасида биродар шаҳар меморандумини тузиш ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги масалалар муҳокама қилиниши маълум қилинди.
Меҳмонлар ташриф давомида Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликлар ва диққатга сазовор масканларда бўлди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари