Саломатлик маскани фойдаланишга топширилди
Гулистон шаҳрида бирламчи тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳоли учун қулай ва замонавий шароитларда тиббий хизмат кўрсатиш борасида яна бир муҳим қадам ташланди. Шаҳарнинг Улуғобод маҳалласида жойлашган 1-сонли оилавий поликлиника тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Бинони реконструкция қилиш ишлари учун давлат бюджетидан 3 миллиард 825 миллион сўм маблағ ажратилди.
Янгиланган тиббиёт муассасасининг очилиш маросимида Гулистон шаҳар ҳокими Фарруҳ Ўктамжонов, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари, тегишли ташкилотлар вакиллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими поликлиниканинг қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилиши, аввало, маҳалла аҳолиси учун тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришини таъкидлади. Шунингдек, амалга оширилаётган бундай ишлар давлатимиз раҳбарининг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт инфратузилмасини яхшилаш ва соҳани ривожлантиришга қаратаётган юксак эътибори самараси эканини қайд этди.
Поликлиника нафақат Улуғобод, балки Истиқлол маҳалласи, шунингдек, Гулистон туманидаги чегарадош Бахмал, Ҳамид Олимжон ва Ишонч маҳаллаларида яшовчи жами 11 минг 145 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Муассасада бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкил этиш, касалликларни эрта аниқлаш ва профилактик кўрикларни ўтказиш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, кекса авлод вакилларига тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шароитлар яратилди.
— Бугунги кунда тиббиёт соҳасидаги энг муҳим вазифалардан бири касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва ҳар бир инсон саломатлигига масъулият билан ёндашишдир. Шу нуқтаи назардан, оилавий шифокорлар, тиббиёт ҳамширалари ва барча тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнати катта аҳамиятга эга, — деди Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Мурод Кўпайсинов.
Дарҳақиқат, замонавийлаштирилган бино ва яратилган қулайликлар тиббий хизмат сифатини ошириш учун муҳим замин яратади. Бироқ бу имкониятлардан самарали фойдаланиш, беморларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Очилиш маросимида сўзга чиққанлар янги имкониятлар тиббиёт ходимлари зиммасига катта масъулият юклашини алоҳида таъкидладилар. Поликлиникага мурожаат қилган ҳар бир фуқаро малакали тиббий ёрдам билан бирга меҳр ва эътиборни ҳам ҳис қилиши, беморлар билан самимий мулоқот ўрнатилиши, уларнинг мурожаат ва муаммоларига бефарқ бўлмаслик тиббиёт ходимларининг муҳим вазифаси эканига урғу берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири