2-Мис бойитиш фабрикаси йиллик ишлаб чиқариш режасини муддатидан аввал бажарди
Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибий бўлинмаларидан 2026 йил учун белгиланган режа ва вазифаларни муддатидан илгари бажариш бўйича хушхабарлар келиши давом этмоқда. Навбатдаги юксак меҳнат зафари ҳақидаги хушхабар 2-Мис бойитиш фабрикасидан келди.
Жорий йилнинг 6 ноябрь ҳолатига кўра, 2-Мис бойитиш фабрикаси меҳнат жамоаси йил якуни учун белгиланган ишлаб чиқариш вазифаларини муддатидан аввал бажаришга эришди. Хусусан, мис концентрати ишлаб чиқариш бўйича йиллик прогноз режаси 100,8 фоизга бажарилди.

Ушбу юқори натижа корхонада амалга оширилаётган кенг кўламли модернизация ишлари, замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш ҳамда технологик интизомга қатъий риоя этиш самарасидир. Шунингдек, фабрика ишчи-ходимларининг ўз вазифаларига масъулият билан ёндашиши ва жамоавий ҳамкорлиги эришилган ютуқларда муҳим ўрин тутди.

Фабрика жамоаси йилни юқори ишлаб чиқариш кўрсаткичлари билан якунлаш, келгуси 2027 йилда эса самарадорликни янада ошириш, белгиланган режаларни ортиғи билан бажариш ва комбинатнинг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Эришилган натижалар — меҳнат, масъулият ва бирдамлик самараси!
Ахборот хизмати