Алексей Гореславский: Ўзбекистон – Россия медиа ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш вақти келди
Тошкент шаҳрида III Ўзбекистон – Россия медиа форуми бўлиб ўтмоқда. Ҳамкорликни янада ривожлантириш, анъанавий қадриятларни замонавий медиа маконида тарғиб этиш, рақамли технология ва янги контент форматларидан самарали фойдаланиш анжуманда муҳокама қилинадиган асосий мавзулардир.
Форум доирасида ЎзА мухбири Россия Интернетни ривожлантириш институти бош директори Алексей Гореславский билан суҳбатлашди. Мулоқотда соҳадаги мавжуд ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма медиа маҳсулотлар яратиш, замонавий контент форматлари ва икки мамлакат аудиторияси учун бирдек қизиқарли лойиҳаларни амалга ошириш истиқболи ҳақида сўз боряпти.
– Бугунги ахборот маконида анъанавий қадриятларни асраб-авайлаш ва кейинги авлодга етказиш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Сизнингча, бунда форумларнинг ўрни қандай?
– Бу масала XXI асрда ниҳоятда муҳим, деб ҳисоблайман. Зеро, бугун биз нафақат мураккаб ва таранг вазиятда яшаяпмиз, балки интернетнинг улкан ахборот маконида ҳам фаолият юритяпмиз. Тарихий илдизларга эга маданий қадриятларимиз, албатта, замонавий талқинга муҳтож. Анъаналарни бугунги кун талаби ва омма эҳтиёжидан келиб чиқиб, янги шаклда тақдим этишимиз керак.
Медиа форумлар айни масалаларни муҳокама қилиш учун жуда қулай майдон. Менимча, бундай анжуманларда нафақат анъанавий медиа маҳсулот, балки блог, компьютер ўйини, қисқа видео лавҳа каби оммабоп форматларга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Табиийки, сериал, фильм ва видео контент яратишнинг бошқа йўналишлари ҳам назардан четда қолмаслиги лозим.
Мазкур жараёнда Ўзбекистон ва Россия қайси йўналишларда бир-бири учун фойдали бўлиши, ҳар икки мамлакатда ҳам оммалашадиган қандай қўшма лойиҳаларни илгари суриш мумкинлигини англаб етамиз.
– Демак, мазкур анжумандан ҳам шундай янги ғоя ва ташаббуслар учун муҳим мулоқот майдони сифатида фойдаланиш мумкин…
– Албатта. Бундай форумлар фикр алмашиш, бир-биримизни яхшироқ тушуниш ва янги ташаббусларни муҳокама қилиш учун имкон яратади. Менимча, ҳозирги вазифамиз – мавжуд тажрибани таҳлил қилиш билан бирга, келгусида қандай умумий медиа маҳсулотлар тайёрлаш мумкинлигини ҳам аниқлаб олиш.
Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Россия медиа ҳамда контент ишлаб чиқариш бўйича ўзаро кўплаб қизиқарли таклиф бера олади.
ЎзА мухбири Мусулмон Зиё ёзиб олди.