Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари тақдирланишди
Инсон саломатлиги йўлидаги фидойилик, касбга садоқат ва бемор дардига малҳам бўлиш – тиббиёт ходимларининг энг юксак фазилатидир. Бухорода Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларини эъзозлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ва ходимлари, тиббиёт соҳаси олимлари, тажрибали шифокорлар ҳамда мутахассислар иштирок этишди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирокчиларни, улар орқали эса вилоятнинг барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларини касб байрами билан самимий табриклаб, халқ саломатлигини асраш йўлидаги машаққатли ва масъулиятли меҳнатлари учун миннатдорлик билдирди.
Таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси ва раҳбарлигида сўнгги йилларда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда инсон манфаатлари, аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш, касалликларнинг олдини олиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Ушбу ислоҳотлар самараси Бухоро вилояти мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Жорий йилда ҳудуддаги 80 та тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 305 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Туманлардаги ўттиздан ортиқ тиббиёт муассасаси замонавий талаблар асосида қайта жиҳозланди.

Албатта, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш фақат янги бинолар барпо этиш ёки муассасаларни замонавий ускуналар билан таъминлаш билангина чекланмайди. Бу энг аввало, инсон омили, яъни ўз ҳаётини халқ саломатлигига бағишлаган тиббиёт ходимларининг салоҳияти, меҳнат шароити ва касбий ривожланишига ҳам бевосита боғлиқ.
Айни пайтда вилоят соғлиқни сақлаш тизимида 41 минг нафардан ортиқ ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг самарали фаолият юритиши учун муносиб шароит яратиш, малакасини ошириш, замонавий тиббий билим ва технологияларни ўзлаштиришини қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги обрў-эътиборини юксалтириш муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, шифокор учун энг катта мукофот — беморнинг соғайиб, оиласи бағрига қайтиши. Унинг кўзидаги қувонч, яқинларининг самимий миннатдорлиги ва дуоси эса ҳар қандай тақдирлашдан устун. Бу касб эгаларидан нафақат юксак билим ва маҳорат, балки сабр-тоқат, меҳр-оқибат ва улкан масъулиятни ҳам талаб этади.
Бухоро тиббиёти ҳақида сўз борганда, ҳудуднинг бугунги ютуқлари билан бир қаторда, унинг асрлар давомида шаклланган бой илмий-маърифий меросини ҳам алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Зеро, Бухоро — жаҳон илм-фани ва тиббиёти ривожига беқиёс ҳисса қўшган алломалар юрти. Буюк мутафаккир Абу Али ибн Синонинг шу заминда таваллуд топгани, унинг тиббиёт илмига оид асарлари асрлар давомида дунё шифокорлари учун муҳим манба бўлиб хизмат қилгани бугунги авлод зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Тантанада қишлоқ ва маҳаллаларда аҳоли саломатлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган оилавий шифокорлар, тез тиббий ёрдам ходимлари, жарроҳлар, педиатрлар, ҳамширалар, фармацевтлар ва бошқа соҳа мутахассисларининг машаққатли меҳнати алоҳида эътироф этилди.
Касб байрами муносабати билан соғлиқни сақлаш тизимида кўп йиллардан буён самарали фаолият юритиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, соҳани ривожлантириш ва ислоҳотлар ижросига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, касбий маҳорати, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан ҳамкасбларига намуна бўлаётган бир гуруҳ тиббиёт ва фармацевтика ходимлари тақдирланди.
Уларга “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони, вилоят ҳокимининг Ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Байрам муносабати билан ташкил этилган дастурхон атрофида давом этган тадбирда вилоятнинг хушовоз хонандалари ва эстрада санъаткорлари ижросидаги дилтортар куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири