Рютте: НАТО Украинага қурол етказиб бериши учун бир неча миллиард доллар етмаяпти
НАТО Украинага қурол етказиб бериш бўйича жорий йилги молиявий мақсадига эришиш учун яна бир неча миллиард доллар маблағ топиши керак.
АзерТАЖ хабарига кўра, бу ҳақда НАТО Бош котиби Марк Рютте Брюсселда Украинага қурол-яроқ етказиб бериш бўйича Мулоқот гуруҳи йиғилиши якуни бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, Киевга 70 миллиард долларлик аслаҳа етказиш ва Европа давлатларининг АҚШдан 12-15 миллиард долларга тенг қурол-яроқ сотиб олиш мақсади ҳали тўлиқ бажарилмаган. Мулозим йил охиригача етмаётган маблағ топилишига умид қилаётганини таъкидлади.
Бош котиб айтишича, PURL дастури доирасида Америка қуролини сотиб олиш учун қўшимча маблағ ажратилган, бироқ бу миқдор кутилганидан кам бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, НАТО давлатлари PURL дастури доирасида Украинага ҳарбий ёрдам учун ҳозиргача 10 миллиард доллар йўналтирган.
А.Маматов, ЎзА