2026 йилнинг энг муҳим сўзи эълон қилинди
Нуфузли “Cambridge Dictionary” луғати “human” (инсон) сўзини йил сўзи деб эълон қилди. Лексикографларнинг фикрича, ушбу танлов сунъий интеллектнинг инсон тафаккури, ижодкорлиги ва ўзига хослигига, шунингдек, бутун жамиятга кўрсатаётган таъсири билан боғлиқ хавотирларни акс эттиради.
Мазкур сўз сунъий интеллект жадал ривожланиб, кундалик ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётган бир шароитда инсон ва машина ўртасидаги фарқни теран англашни ифодалайди.
“Cambridge Dictionary” луғати лексикографи Колин Макинтошнинг қайд этишича, сунъий интеллект тараққиёти инсон табиати ҳақидаги тасаввурларни ўзгартирмоқда.
– Фикрлаш қобилиятимизни сунъий интеллектга топшириш оқибатида одамлар нималарни йўқотиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар бизни ушбу технологияга қай даражада таянаётганимизни қайта кўриб чиқишга ундади, – дейди луғатшунос.
Лотинча “humanus” сўзидан олинган “human” атамаси худолар, ҳайвонлар ёки машиналардан фарқли ўлароқ, инсонга хос фазилатлар, камчиликлар ва туйғуларга эга бўлишни англатади.
Луғатда, шунингдек, таниқли тадқиқотчиларнинг фикрлари ҳам келтирилган. Хусусан, сунъий интеллект бўйича етакчи олим, Нобель мукофоти лауреати Жеффри Хинтон мазкур йўналиш ривожидан хавотирда эканини билдириб: “Биз ўзга сайёралик мавжудотларни яратяпмиз, бироқ мен инсонларни танлайман”, дея таъкидлаган.
– Сунъий интеллект “биз киммиз ва инсон бўлиш нимани англатади?” деган саволга қайта мурожаат қилишга ундайди, – дейди Кембриж университети профессори Рейчел Адамс. – Бу технология инсоният учун жиддий синов бўлиб, тенгсизликни чуқурлаштириши ҳам, бартараф этиши ҳам мумкин.
Азиза Алимова, ЎзА