Қирғизистон тиббиётидаги янгиланишлар: маош, янги шифохоналар ва юқори технология
Қирғизистонда 2021-2025 йилларда 21 тиббиёт муассасаси ишга тушган, жорий йил барпо этилган шифохоналар сони 40 дан ошиши кутиляпти. Замонавий тиббий инфратузилмани ривожлантириш орқали аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар жадал давом этяпти.
“Кабар” ахборот агентлиги ёзишича, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, охирги 4 йил республика бюджети ва бошқа манбалар ҳисобидан қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилган масканлар орасида Норин вилояти юқумли касалликлар шифохонаси, Жалолобод вилояти бирлашган шифохонасининг янги биноси, Боткен вилояти Қадамжой туманидаги Уч-Қўрғон қишлоғидаги болалар жонлантириш ва даволаш-маслаҳат бўлими ва бошқа тиббий объектлар бор.
Жорий йил биргина Бишкек шаҳрида Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш миллий маркази базасидаги 350 ўринли кўп тармоқли болалар шифохонаси ва бошқа жами беш тиббий муассасаси қад кўтарди.
Мамлакатнинг барча ҳудудларида соғлиқни сақлаш масканлари жадал бунёд этилмоқда: Чуй, Талас ва Боткенда 3 тадан, Жалолободда 7, Норинда 4, Ўшда 10, Иссиқкўлда 5 объект.
Жорий йил 1 апрелдан бошлаб Садир Жапаровнинг тегишли фармонига мувофиқ, тиббиёт ходимлари иш ҳақи 100 фоиз оширилиб, Президентнинг махсус тўлови ҳам жорий этилган.
Ҳозир ёш шифокорлар, тажрибали жарроҳлар маоши кескин ошган, баланд тоғли ҳудудларда ишлаётганлар учун эса қўшимча тўлов белгиланган.
Соғлиқни сақлаш вазири Дамирбек Осмонов "Биринчи радио" эфирида илгари маош кам бўлгани учун баъзи мутахассислар соҳани тарк этганини эслади:
– Тиббий ходимлар ойлиги кўтарилиши соҳага алоҳида эътиборнинг асосий жиҳатидир. Бундан соҳа ходимлари жуда мамнун.
Россия Федерал Тиббиёт ва биология агентлигига қарашли 8 клиник шифохона кардиологи ва эндоваскуляр жарроҳи Эрлан Каратаев ҳам соғлиқни сақлаш соҳасидаги ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади:
– Мен кўп йилдан бери Москва яқинидаги Обнинск шаҳрида ишлайман. Бу йил таътилни юртимда ўтказиш учун келдим. Аэропортдан тушишим биланоқ шаҳар манзарасини кўриб, давлатимиз тез ривожланаётганини пайқадим. Тиббиёт ҳам бу жараёндан мустасно эмас: жигар кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказила бошланди.
Касалликларнинг олдини олиш ва биринчи тиббий ёрдамни кучайтириш зарур
Академик Омор Қосимов сўзларига кўра, тизимда самарадорликни ошириш учун касалликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Яъни, фуқаролар соғлиғини сақлаш фақат ётиб қолгандан кейин даволаш эмас, балки хасталикнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик, сабабини эрта аниқлаш ва сурункали ҳолатларни тўғри назорат қилишдан иборат бўлиши шарт.
– Бугунги кунда тизимни фақат янги шифохоналар қуриш билан мустаҳкамлаб бўлмайди, – дейди у. – Масалан, уч босқичли профилактика жорий этиш зарур. Биринчидан соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни шакллантириш, иккинчидан беморни тўғри йўналтириш ва ҳимоя қилиш, учинчидан сурункали касалларни тўғри даволаш ва тиклаш тизимини такомиллаштириш муҳим. Бундан ташқари аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари ҳам олиб бориш мумкин.
Таъкидлаш жоиз, Қирғизистонда юрак-қон томир касалликларини аниқлаш ва даволаш бўйича юқори технологияли минтақавий марказлар тармоғи кенгайтирилмоқда. Ҳозир фаолият юритаётган мажмуалар ўткир миокард инфаркти пайти коронар артерияни ташҳислаш ва стендлаш учун зарур сарф материаллари билан узлуксиз ва текин таъминот йўлга қўйилган.
Йилнинг биринчи ярмида Миллий кардиология ва терапия марказида 3 277 юқори технологияли тиббий аралашув амалга оширилди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 2 052 муолажадан анча кўп. Ўш вилоятлар аро бирлашган клиник касалхонасида 2026 йил дастлабки беш ойида 450, 2025 йил тўрт ойда эса 279 муолажа ўтказилган. Юрак жарроҳлиги трансплантацияси илмий-тадқиқот институтида дастлабки 6 ойда 425, Жанубий минтақавий юрак-қон томир жарроҳлиги илмий марказида 124 амалиёт қайд этилган. Балиқчи шаҳрида йирик марказ очилиб, 170 га яқин муолажа олиб борилди.
Марказлар юрак қон томирларини текшириш ва лозим бўлса, стенд қўйиш амалиётини бажармоқда. Бундай марказлар ҳудудларда барпо этилиши беморларни узоқ шаҳарларга олиб бориш вақтини қисқартиради, ўткир миокард инфаркти пайти барвақт тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради.
Эрлан Каратаев юрак-қон томир касалликлари дунё бўйлаб бевақт ўлимнинг асосий сабабларидан бири эканини таъкидлар экан, ҳудудларда шундай ихтисослаштирилган марказлар ривожлантирилиши муҳимлигини таъкидлади.
– Норин, Талас, Иссиқкўл, Жалолобод, Боткен шаҳарларида замонавий юрак-қон томир марказлари қурилиши туфайли халқимиз энди Бишкек ёки Ўшга келиш учун ортиқча вақт сарфламаяпти, – дейди тажрибали кардиолог. – Лозим бўлганда беморларга ўз ҳудудида замонавий тиббий хизмат кўрсатила бошланди.
Марказий Осиёда тиббиёт тобора ривожланаётгани минтақа халқлари саломатлиги йўлидаги ишлар режали ва самарали олиб борилаётгани натижасидир.
Абдуғафур Маматов, ЎзА