БМТ: Суданда дрон ҳужуми бегуноҳ аҳоли ўлимига сабаб бўлди
Суданда йил бошидан буён давом этаётган фуқаролар уруши туфайли 2 230 оддий аҳоли вакили ҳалок бўлган. Уларнинг 1 630 дан зиёди дрон ҳужуми оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқи бўйича бошқармаси маълум қилди.
Олий комиссар Фолкер Турк низо томонларини халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрини қўпол равишда бузишда айблаб, бундай ҳаракат ҳарбий жиноят сифатида баҳоланиши мумкинлигини таъкидлади. 2023 йил апрелидан буён Судан армияси ва Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари ўртасида қуролли тўқнашув тўхтамаяпти. Сўнгги ойларда ҳар икки томон дрондан фойдаланишни сезиларли даражада кучайтирди.
Январь-июнь ойларини қамраб олган БМТ ҳисоботида қайд этилишича, бошқарувчисиз учоқлар нафақат фронт чизиғида, балки жанговар ҳаракат олиб борилаётган ҳудудлардан узоқ жойларда ҳам зарба йўллаш имконини яратмоқда.
Ташкилот ҳақиқий қурбонлар сони расмий маълумотда келтирилган рақамлардан анча юқори бўлиши эҳтимолидан огоҳлантирди. Шунингдек, дрон ҳужуми оқибатида бегуноҳ аҳоли ҳаёти учун зарур инфратузилма масканлари, жумладан сув таъминоти манбалари ва электр тармоғи ҳам нишонга олинмоқда. Натижада аҳоли турмуши янада оғирлашмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА