Россия Ҳиндистондан бензин сотиб ола бошлади
“Reuters” агентлиги хабар беришича, Россия ички бозордаги бензин тақчиллигини юмшатиш мақсадида Ҳиндистондан ёнилғи импорт қила бошлади. Эътиборли жиҳати, айни пайт Ҳиндистон ҳам Россия хом нефтининг энг йирик харидори бўлиб турибди.
Соҳадаги ишончли манбаларга кўра, денгиз йўли орқали РФга камида 60 000 тонна бензин жўнатилган, бошқа бир манба икки танкерда жами 30-40 минг тонна маҳсулот йўлга чиққанини тахмин қилмоқда. Шу билан бирга Москва ички бозорни барқарорлаштириш учун турли давлатлар, жумладан Беларусдан ойига қарийб 400 000 тонна бензин олиб киришни режалаштирган. Умуман, Беларусь жорий йилнинг июнь ойи биринчи ярмида темир йўл орқали Россияга ёқилғи етказиб беришни май ойининг шу даврига нисбатан қарийб уч баробарга ошириб, 70 минг тоннадан кўпроққа етказди.
Ҳозирча Ҳиндистоннинг айнан қайси нефтни қайта ишлаш заводи Россияга бензин етказиб бераётгани номаълум бўлиб қолмоқда. Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, ёз мавсумида Россияда кунлик бензин истеъмоли камида 110 минг тоннани ташкил этади. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, июнь ойида Ҳиндистоннинг Россиядан нефть импорт қилиш ҳажми рекорд даражага кунига 2,7 миллион баррелга етди, бу мамлакат умумий нефть импортининг ярмидан кўпини ташкил қилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА