Ҳумонаий билан видолашувга 30 дан ортиқ давлат вакиллари келади
Эрон Олий раҳбари Али Ҳумонаийнинг вафоти муносабати билан 4 июль куни Теҳронда расмий мотам тадбирлари бошланади. Дафн маросимида кўплаб хорижий делегациялар ва дунё диний пешволари иштирок этади.
Мотам тадбирлари ташкилий штаби раҳбари, ички ишлар вазири ўринбосари Али Акбар Пуржамшидиён маълум қилишича, расмий маросим учун пойтахтдаги “Мусалла” мажмуаси танланган. Шу масканда 5 июль куни жаноза намози ўқилиб, Теҳрон бўйлаб оммавий мотам юриши ўтказилади.
Видолашув кейин Қум ва Машҳад шаҳарлари, шунингдек Ироқнинг Нажаф ҳамда Карбало зиёратгоҳларида давом этади. Марҳум 9 июль куни Машҳадда ерга қўйилади. Давлат арбоби билан видолашиш учун 30 дан зиёд хорижий мамлакат вакиллари, 90 дан кўп давлат диний пешволари келиши кутилмоқда.
“Дунё” ахборот агентлиги хабар беришича, “3 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам Эронга жўнаб кетади”.
Эслатиб ўтамиз, Али Ҳумонаий 2026 йил 28 февраль куни АҚШ ва Исроил томонидан мамлакатга берилган илк ҳарбий зарбалар оқибатида ҳалок бўлган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА