Россия губернаторлари Фарғона билан танишмоқда
Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳудудлари Кенгашининг III йиғилиши доирасидаги тадбирлар бошланди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Россия ҳудудларидан келган делегациялар вилоятдаги йирик саноат корхоналари, истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳамда ишлаб чиқариш салоҳияти билан яқиндан танишмоқда.
Тадбирларда Новосибирск вилояти губернатори Андрей Травников, Красноярск ўлкаси губернатори Михаил Котюков бошчилигидаги делегациялар, Россиянинг бошқа ҳудудлари раҳбар ва масъуллари, вазирлик ва идоралар, тармоқ ташкилотлари, савдо-саноат палаталари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этмоқда.
Меҳмонларга Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамроҳлик қиляпти. Делегациялар дастлаб Қувасой шаҳридаги “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси филиали ҳудудида жойлашган “Crown Ceramic” қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.
Уларга корхонада керамогранит плиталар ишлаб чиқариш жараёни, замонавий технологик линиялар ва ишлаб чиқариш қувватлари намойиш этилди. Йилига 8 миллион квадрат метр керамогранит плита ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур лойиҳа доирасида 1 триллион сўмлик маҳсулот тайёрлаш, 665 миллиард сўмлик қўшилган қиймат яратиш ҳамда 35 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконияти мавжуд.
Корхонада маҳаллий хомашёдан фойдаланиш даражаси 97 фоизни ташкил этади. Бу ерда Марказий Осиё ва Шарқий Европа бозорларида кам учрайдиган йирик форматдаги экспортбоп керамогранит плиталар ишлаб чиқарилиб, маҳсулотлар 6 хил ўлчамда тайёрланмоқда.
Корхона маҳсулотлари сифат ва техник кўрсаткичлари жиҳатидан Италия, Испания ва Хитойда ишлаб чиқариладиган етакчи маҳсулотлар билан рақобатлаша олади. Айни пайтда маҳсулотлар қатор қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда.
Танишув давомида Россия ҳудудлари вакилларига корхонада амалга оширилган инвестиция лойиҳаси, ишлаб чиқариш қувватлари, маҳаллийлаштириш даражаси ва экспорт салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА