“ЎзМЭТ” куз-қиш мавсумига қандай тайёргарлик кўрди?
Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, жорий йилда амалга оширилган ишлар ҳамда мавсум давомида бажарилиши режалаштирилган вазифалар ҳақида маълумот берилди.
Унда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосарлари Бобуржон Муродов ва Собиржон Ортиқов иштирок этиб, жамият тасарруфидаги магистрал электр тармоқларининг мавсумга тайёргарлик ҳолати, кўрилган чора-тадбирлар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, 2026 йил январь-сентябрь ойларида магистрал электр тармоқлари орқали 63,4 миллиард кВт∙соат электр энергияси транспортировка қилинган. Шу даврда 292,6 миллион кВт∙соат ҳажмида транзит хизматлари кўрсатилган.
Шунингдек, 2026 йилда ташкилот балансидаги бино ва иншоотларга умумий қуввати 180 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган. Натижада 2026 йилга қадар ўрнатилган қуёш панелларининг умумий қуввати 1 107 кВтга етган.
Йил якунига қадар электр энергиясини узатиш ҳажмини 84,4 миллиард кВт∙соатга етказиш, технологик сарфни 4,4 миллиард кВт∙соат ёки 5,26 фоиз даражасида ушлаб туриш режалаштирилган.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Бобуржон Муродовнинг таъкидлашича, энергия самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ишлари ҳам давом эттирилмоқда.

– Йил якунига қадар жамият тасарруфидаги объектларга яна 310 кВт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатишни режалаштирганмиз. Бу нафақат электр энергиясидан самарали фойдаланиш, балки ўз эҳтиёжларимизнинг бир қисмини муқобил энергия манбалари ҳисобига қоплаш имконини ҳам беради.
Куз-қиш мавсумида магистрал электр тармоқлари ва электр қурилмаларининг барқарор ишлашини таъминлаш эса асосий вазифаларимиздан бири. Шу мақсадда йил бошида махсус чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, унинг ижросини босқичма-босқич таъминлаб келяпмиз.
Хусусан, 23 553 километр электр тармоғи, 2 817 та трансформатор ҳамда 4 217 та коммутацион аппаратда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Трансформаторларнинг совитиш тизимидаги 681 та электр двигатели таъмирланди.
Барча электр узатиш ҳаво тармоқлари навбатдан ташқари ва даврий кўрикдан ўтказилиб, 25 868 та изолятор ҳамда 14 276 та қуш қўнишидан ҳимояловчи мосламалар ўрнатилди.
Шунингдек, 1 679 та подстанциядаги электр қурилмаларининг контакт бирикмалари ҳамда 36 568 километр электр тармоғи тўлиқ тепловизор кўригидан ўтказилди. Кўриклар жараёнида аниқланган қизиш ҳолатлари ўз вақтида бартараф этилди, – деди Б.Муродов.

Мавсумга тайёргарлик жараёнида тармоқларни техник кўрикдан ўтказиш билан бир қаторда, уларнинг хавфсизлиги ва авариявий ҳолатларни тезкор аниқлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Собиржон Ортиқовнинг айтишича, бу борада замонавий технологиялар, жумладан, дронлар имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.
– Юқори кучланишли магистрал электр узатиш тармоқларининг бориш қийин бўлган ҳудудларини назорат қилиш, муҳофаза зоналаридаги қурилишлар ва дарахтзорларни аниқлаш, шунингдек, авариявий ҳолатларда шикастланган жойларни тезкор топиш мақсадида 1 915 километр электр тармоғини дронлар ёрдамида кўрикдан ўтказдик.
Бу ишлар натижасида аниқланган нуқсонлар ўз вақтида бартараф этилди. Энг муҳими, эҳтимолий авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва тармоқларнинг ишончлилигини таъминлашга эришилмоқда.
Куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатга тайёр туриш учун зарур моддий-техник захиралар ҳам шакллантирилди. Хусусан, 200 тонна трансформатор мойи, 5 тонна турли русумдаги сим, 10 километр кабель маҳсулоти, 60 дона металл ва темир-бетон таянч устунлари, 5 555 та изолятор ҳамда подстанциялар учун турли қувватдаги 97 та трансформатор захираси яратилди.

Авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш учун 222 та навбатчи бригада ташкил этилган. Улар махсус автотранспорт, зарур эҳтиёт қисмлар, алоқа ва ҳимоя воситалари билан таъминланган.
Бундан ташқари, электр қурилмаларида авариявий ҳолатлар содир бўлганда тезкор ахборот алмашинувини таъминлаш ва юзага келган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида Ситуацион таҳлил бошқармасида раҳбар ва масъул ходимларнинг 24 соатлик навбатчилик режими йўлга қўйилган.
Истеъмолчиларни ҳам мавсум давомида амалга ошириладиган ишлардан хабардор қилиб боришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Режали таъмирлаш ишлари ва фавқулодда ўчишлар ҳақидаги маълумотлар Ахборот хизмати билан ҳамкорликда расмий веб-сайт ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали мунтазам эълон қилиб борилади, – деди С.Ортиқов.
Тадбир якунида мутасаддилар журналистларнинг мавзуга оид саволларига жавоб берди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА