«Ин-витро» кўчатлари «Яшил макон»ни қандай ўзгартиради?
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида энди асосий эътибор фақат қанча кўчат экилганига эмас, уларнинг неча йил яшаб, дарахтга айланганига қаратилади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича тақдимотида ҳам кўчатларни ҳудуд иқлими ва тупроғига мос танлаш, сув билан таъминлаш, камида уч йил парваришлаш ва яшовчанлигини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Чунки кўчатни экиш — ишнинг бошланиши. Унинг тутиб кетиши эса сифатли кўчат, тўғри танланган тур, илмий ёндашув, сув ва мунтазам парваришга боғлиқ. Айниқса, иссиқ, сув танқислиги ва шўрланиш каби омиллар мавжуд Ўзбекистон шароитида кўчат етиштиришнинг замонавий усулларидан фойдаланиш долзарб аҳамият касб этади.
Шундай технологиялардан бири — «ин-витро» усули.

Хўш, «ин-витро» усули қандай ишлайди? У «Яшил макон» доирасида кўчатларнинг яшовчанлигини оширишда қандай натижа бериши мумкин? Лабораториядан чиққан кўчатни очиқ майдонга мослаштириш жараёни қандай кечади?
Бу саволларга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти Молекуляр филогения ва биогеография лабораторияси кичик илмий ходими, PhD Дилафруз Жамалова жавоб беради.
— Аввало, оддий тушунтирсак, «ин-витро» усули нима ва у одатдаги кўчат етиштириш усулидан нимаси билан фарқ қилади?
— «Ин-витро» лотинча «шиша ичида» деган маънони англатади. Ўсимликларни «ин-витро» усулида кўпайтириш деганда, ўсимликнинг жуда кичик қисми — яъни эксплантини стерил лаборатория шароитида махсус озуқа муҳитига жойлаштириб, ундан янги ўсимлик олиш тушунилади.
Оддий усулда кўчатлар асосан уруғ, қаламча ёки пайванд орқали олинади. Бунда кўпайтириш жараёни нисбатан узоқ давом этиши, мавсумийликка боғлиқ бўлиши ва айрим ўсимликларда керакли миқдорда кўчат олиш қийин кечиши мумкин.
«Ин-витро»нинг асосий афзаллиги эса — қисқа вақт ичида бир дона соғлом она ўсимликдан кўп миқдорда, генетик жиҳатдан бир хил ва сифатли кўчатлар олиш имконидир. Бу, айниқса, камёб, қимматли ёки оддий усулда секин кўпаядиган ўсимлик турлари учун жуда муҳим.

— Демак, битта ўсимликдан жуда кўп кўчат олиш мумкин. Бу жараён амалда қандай кечади ва миқдор қанчага етиши мумкин?
— Ўсимликнинг тури, нави ва лаборатория шароитига қараб натижа ҳар хил бўлади. Лекин тўғри танланган ва соғлом эксплантдан бир неча ой давомида юзлаб, айрим ҳолларда минглаб регенерантлар олиш имконияти мавжуд.
Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, ўсимлик ҳар бир кўчириб ўтказиш жараёнида яна бир неча баравар кўпайиб боради. Яъни битта материалдан олинган новдалар яна янги озуқа муҳитига кўчирилади ва кўпайиш давом этади.
Шу сабабли оддий кўчат етиштиришга нисбатан «ин-витро» технологияси кўпайтириш жараёнини сезиларли даражада тезлаштиради. Бу технологияни тўғри йўлга қўйиш орқали қисқа муддатда катта миқдорда бир хил сифатга эга кўчатлар тайёрлаш мумкин.
— Кўчатларнинг соғломлиги масаласи ҳам жуда муҳим. «Ин-витро» усулида олинган кўчатлар касаллик ва зараркунандаларга оддий усулда етиштирилган кўчатларга нисбатан чидамлироқ бўладими?
— Бу ерда бир жиҳатни аниқ ажратиб олиш керак. «Ин-витро» усулининг ўзи ўсимликни автоматик равишда касаллик ёки зараркунандаларга чидамли қилиб қўймайди.
Бироқ лабораториядаги стерил шароитнинг катта устунлиги бор. Агар иш жараёни тўғри ташкил этилса ва соғлом она ўсимлик танланса, патогенлардан холи, сифатли кўчат олиш имконияти анча юқори бўлади.
Шунингдек, «ин-витро» усулида бошланғич материални танлаш жуда муҳим. Агар биз касалликка, қурғоқчиликка ёки бошқа ташқи таъсирларга чидамли ўсимликни танласак, унинг хусусиятларини сақлаган ҳолда кўплаб кўчатлар олишимиз мумкин. Демак, натижа нафақат технологияга, балки қайси ўсимликдан кўпайтириш бошланганига ҳам боғлиқ.
— Президент тақдимотида ҳам Ўзбекистон шароитида сув танқислиги, юқори ҳарорат ва шўрланишга чидамли дарахт турларини танлаш зарурлиги таъкидланди. «Ин-витро» орқали айнан шундай ўсимликларни кўпайтириш мумкинми?
— Албатта, мумкин. Бу технологиянинг биз учун энг қизиқ ва истиқболли жиҳатларидан бири ҳам шунда.
Ўзбекистон шароитида ҳар қандай дарахт ёки ўсимликни олиб келиб экиш тўғри натижа бермаслиги мумкин. Чунки ҳар бир ҳудуднинг иқлими, тупроғи, сув таъминоти ва бошқа шароитлари бор. Шунинг учун аввало маҳаллий шароитга мос, қурғоқчиликка, юқори ҳароратга ёки шўрланишга чидамли генотипларни аниқлаш муҳим.
Шундан кейин ана шу қимматли генотипларни «ин-витро» технологияси ёрдамида тез ва кўп миқдорда кўпайтириш мумкин. Лекин бу ерда ҳам бир нарсага эътибор бериш керак: чидамлиликни технология эмас, асосан ўсимликнинг генетик хусусиятлари белгилайди. «Ин-витро» эса бизга шу хусусиятга эга бўлган ўсимликларни қисқа вақтда кўпайтириш имконини беради.
— Лабораторияда етиштирилган кўчатни олиб, тўғридан-тўғри ерга экиб бўлмайди, тўғрими? Уни очиқ майдонга тайёрлаш қандай амалга оширилади?
— Ҳа, бу жуда муҳим босқич. Лабораторияда ўсган кўчат ташқи муҳитга ҳали тўлиқ мослашмаган бўлади. Шунинг учун уни бирданига очиқ майдонга олиб чиқиш кўчатнинг нобуд бўлишига сабаб бўлиши мумкин.
Аввало, кўчат лаборатория идишидан эҳтиёткорлик билан олинади ва илдизлари озуқа муҳитидан тозаланади. Кейин енгил ва стерил субстратга — масалан, тупроқ, торф, перлит каби муҳитларга ўтказилади.
Шундан сўнг акклиматизация жараёни бошланади. Бунда намлик, ҳарорат ва ёруғлик шароити аста-секин ташқи муҳитга мослаштирилади. Илк босқичда юқори намлик талаб этилади, кейин эса кўчат аста-секин оддий шароитга ўргатилади.
Бу жараёнда илдизларни шикастламаслик, намликни тўғри сақлаш ва замбуруғли касалликлардан ҳимоя қилиш жуда муҳим. Кўчат фитотронда чиниқтирилиб, ташқи муҳитга мослашгандан кейингина очиқ майдонга экишга тайёр бўлади.
— Демак, кўчатнинг лабораторияда яхши ўсиши унинг далада ҳам албатта яшаб кетишини англатмайди. У ҳолда «Яшил макон»да «ин-витро» технологиясидан фойдаланиш қандай самара бериши мумкин?
— Тўғри айтдингиз. Лабораторияда сифатли кўчат олиш — бу жараённинг бир қисми, холос. Энг муҳим босқичлардан бири — уни ташқи муҳитга тўғри мослаштириш ва кейинги парвариш.
Агар «ин-витро» технологияси орқали соғлом ва маҳаллий иқлимга мос кўчатлар етиштирилса, улар тўғри акклиматизациядан ўтказилиб, ерга экишдан кейин ҳам мунтазам парвариш қилинса, яшовчанлик кўрсаткичини ошириш мумкин.
Айниқса, «Яшил макон» доирасида қайси ҳудудга қайси дарахт тури мос келиши илмий асосда аниқланса, сув таъминоти ҳисобга олинса ва кўчат экишдан кейинги дастлабки йилларда парвариш таъминланса, қуриб қолиш ҳолатларини сезиларли камайтириш мумкин.
Яъни масала фақат кўчат сонида эмас. Қанча кўчат экилгани билан бирга, уларнинг бир йилдан, уч йилдан ва беш йилдан кейин қанчаси сақланиб қолгани ҳам асосий мезон бўлиши керак.
— Бугун «Яшил макон»да ҳам айнан кўчатнинг яшовчанлигига эътибор кучайтирилмоқда. Сизнингча, илмий ёндашув бу жараёнда қандай ўрин тутиши керак?
— Менимча, бугунги асосий вазифалардан бири — кўкаламзорлаштириш ишларини илм-фан билан янада яқинлаштириш.
Ҳар бир ҳудуд учун бир хил дарахт турини тавсия қилиш тўғри эмас. Тошкентнинг шароити билан Оролбўйи, Бухоро ёки Фарғона водийсининг шароити бир-биридан фарқ қилади. Шунинг учун кўчат танлашда ҳудуднинг иқлими, тупроғи, сув таъминоти ва бошқа омиллар комплекс ўрганилиши зарур.
Шу нуқтаи назардан, «ин-витро» технологияси катта имконият беради. Биз нафақат кўчат миқдорини ошириш, балки сифатли, соғлом ва муайян шароитга мос ўсимлик материалини олишга интилишимиз керак.
«Яшил макон»нинг ҳақиқий самараси ҳам айнан шунда — бугун экилган кўчатнинг эртага соя берадиган, экологик муҳитни яхшилайдиган дарахтга айланишида.
ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова суҳбатлашди .