Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қуйилди
Фарғона вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги опий гиёҳвандлик моддасининг ноқонуний савдосига чек қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти, Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида Ёзёвон тумани ҳудудида «Қорадори-2026» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилди.
Тадбир давомида 1981 йилда Андижон вилоятида туғилган шахс 1998 йилда туғилган шериги билан бирга гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Тезкор тадбир жараёнида улар 1 килограмм опий гиёҳвандлик моддасини 20 минг АҚШ долларига сотишга урингани аниқланган. Мазкур гиёҳвандлик воситаларининг қора бозордаги умумий қиймати қарийб 240 миллион сўмни ташкил этган.
Ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган тезкор-профилактик тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА