Ўзбекистонда фармацевтика саноати жадал ривожланмоқда: ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга ошди
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳолини сифатли ва маҳаллий дори воситалари билан таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Соҳага инвестицияларни жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажмини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-апрель ойларида мамлакатимизда йирик корхоналар томонидан қарийб 1,9 трлн. сўмлик асосий фармацевтика маҳсулотлари ва препаратлари ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30 фоизга кўпайгани соҳада юқори ўсиш суръатлари кузатилаётганини кўрсатади.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Пойтахтда тўрт ой давомида 1,2 трлн. сўмлик фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу мамлакатдаги умумий ишлаб чиқаришнинг асосий қисми Тошкент шаҳрида жамланганини англатади.
Кейинги ўринларда Сирдарё вилояти 261,5 млрд. сўм ва Тошкент вилояти 123,5 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш билан қайд этилган. Шунингдек, Наманган вилоятида 106,2 млрд. сўм, Самарқанд вилоятида 78,4 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Фарғона вилоятида 40,3 млрд. сўм, Андижон вилоятида 39,9 млрд. сўм ва Сурхондарё вилоятида 30,3 млрд. сўмлик фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида бу кўрсаткич нисбатан камроқ бўлган.
Мутахассислар фикрича, фармацевтика саноатидаги ўсиш мамлакатнинг дори воситалари хавфсизлигини таъминлаш, импортга қарамликни қисқартириш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ҳудудларда янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш келгусида соҳанинг янада жадал ривожланишига туртки бериши кутилмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, фармацевтика саноати Ўзбекистон иқтисодиётининг энг тез ўсиб бораётган тармоқларидан бирига айланиб, мамлакатнинг тиббий ва иқтисодий барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин эгалламоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА