Раҳбар ва ёшлар учрашуви
Ёшлар куни муносабати билан Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бош бошқармалари бошлиқлари иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, инновацион ғоя ва ташаббусларини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда 100 дан ортиқ ёшлар иштирок этди.


Мулоқотда ёшлар учун яратилган бугунги имкониятлар хусусида сўз борди. Ёшларга уларнинг ўз мақсадларига эришишлари учун керакли тавсиялар берилди. Кўзланган натижани қўлга киритишда астойдил ҳаракат ва билим олиш муҳимлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ёшларга қаратилаётган эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланиб, шу асосда уларнинг ўз қобилиятини юзага чиқариши, чуқур билим олиши, илғор фикрли ва ватанимизга садоқат билан хизмат қиладиган фидойи инсонлар бўлиб камол топишига барча имкониятлар яратилмоқда. Бу борада жойларда раҳбар ва ёшлар учрашувлари ташкил этилиб, уларнинг хоҳиш-истакларини эшитиш ишлари тизимли йўлга қўйилган.


Шунингдек, учрашувда ёшлар мамлакатимиз тараққиёти йўлида хизмат қиладиган қатор янги ғоя ва ташаббусларини билдирди. Ўз навбатида, барча фикрлар инобатга олиниб, кўтарилган муаммоларга жойида ечим топиш чоралари кўрилди ва ёшларнинг барча ташаббуслари қўллаб-қувватланиши алоҳида таъкидланди.
Г.Бобоева, ЎзА