“Юракка йўл”: янги хонадон эгасига топширилди
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар аҳоли муаммоларини ҳал этиш, инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Ана шундай хайрли ишлардан бири Тахиатош туманида амалга оширилди. Тумандаги Шамчироқ маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Бийсенбай Абдуллаевнинг яшаб келаётган уйи 2021 йилда авария ҳолатига келиб қолгани ва унда яшаш имконияти чеклангани сабабли маҳалла фуқаролари томонидан O‘zLiDePдан сайланган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Мукарама Жумамуратовага мурожаат қилинди.

Мурожаат депутат томонидан атрофлича ўрганилиб, аҳолининг дардига ечим топиш, инсон манфаатларини таъминлаш ҳамда ижтимоий масъулиятни кучайтириш тамойиллари асосида амалий чоралар кўришга киришилди. Ташаббусни O‘zLiDeP Тахиатош тумани Кенгаши депутатлари ҳамда партиянинг фаол тадбиркорлари қўллаб-қувватладилар. Хусусан, депутатлар Аҳмад Ҳасанов, Анвар Турдиев, тадбиркорлар Шерзод Реймбаев, Мансур Исломов, Элбек Акимбаев, Амангелди Бекниязов, Маргарита Жумагалиева ҳамда бир қатор саховатпеша юртдошлар бирлашиб, мурожаатни ижобий ҳал этиш чораси кўрилди.

O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури ва “Юракка йўл” акцияси доирасида, “Инсон қадри учун” тамойили асосида фуқаро учун янги замонавий уй қуриб беришга қарор қилинди. Жорий йилнинг май ойида ҳомий тадбиркорлар кўмаги билан қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, хонадон эгаларига тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, янги қуриб битказилган хонадон замонавий талаблар асосида тўлиқ жиҳозланди. Хонадон эгаларига яшаш учун зарур бўлган барча шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, ҳомийлар томонидан кир ювиш машинаси, музлаткич, телевизор, ошхона мебеллари ва бошқа рўзғор буюмлари совға қилиниб, оиланинг янги уйга муносиб шароитда кўчиб ўтиши таъминланди. Бу эса нафақат уй-жой муаммосининг ҳал этилгани, балки инсонларга меҳр-эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишнинг ёрқин намунасидир.
Хонадонни топширишда сўзга чиққанлар мамлакатимизда инсон манфаатлари ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини, O‘zLiDeP эса мазкур эзгу мақсадларни амалга оширишда халқ билан бирга бўлиб, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини чуқур ҳис этган ҳолда фаолият юритаётганини таъкидладилар.
O‘zLiDeP бундан буён ҳам аҳоли мурожаатларига тезкор ва самарали ечим топиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар манфаатларини таъминлаш ҳамда инсон қадрини улуғлашга қаратилган амалий ишларини изчил давом эттиради.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.