Ёшлар – гиёҳвандликка қарши
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида гиёҳвандликка қарши курашиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга йўналтирилган “Ёшлар – гиёҳвандликка қаршимиз!” республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Танловда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги олий таълим муассасаларидан жамоалар иштирок этди.

Талабаларнинг гиёҳвандлик, психотроп ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларга қарши курашиш борасидаги билим ва кўникмаларини баҳолаш, олий таълим ташкилотларида гиёҳвандликнинг зарарли оқибатлари тўғрисидаги тушунчаларни кенг тарғиб қилиш, шунингдек, ижодий фаолият орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган танловда иштирокчилар иншо ёзиш, расм чизиш, қисқа видеороликлар, саҳна кўриниши шартлари асосида ўз иқтидорини намойиш этишга ҳаракат қилди.

Танловнинг ҳудудий босқичи якунида биринчи ўрин Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг “Ғалаба” жамоасига,
иккинчи ўрин Урганч давлат тиббиёт институтининг “Педиастра” жамоасига, учинчи ўрин Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг “Ёш маънавиятчилар” жамоасига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.