Мурожаатларнинг ижро ҳолати кўриб чиқилди
Сирдарё вилоятида ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, уларнинг муаммоларини манзилли ҳал этиш ҳамда масъулларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида ўтказилган йиғилишда “Пайшанба – ёшлар куни” доирасида ёшлар томонидан билдирилган мурожаатлар, шунингдек, оталиққа олинган ёшлар билан ишлаш ҳолати атрофлича муҳокама қилинди.

Таҳлиллар давомида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар ва таълим масалалари, спорт билан шуғулланиш имкониятлари, коммунал хизматлар ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид мурожаатларнинг ижро ҳолати кўриб чиқилди.

Айрим ҳолатларда муаммоларни ҳал этишда сусткашликка йўл қўйилгани, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилмагани танқид қилинди.

Йиғилишда оталиққа бириктирилган ёшлар билан ишлаш жараёни алоҳида эътибор марказида бўлди. Масъуллар томонидан ёшларнинг ҳаёт шароити ва эҳтиёжларини ўрганиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш борасидаги ишлар таҳлил қилиниб, вазифаларга расмиятчилик билан ёндашилган ҳолатлар кескин танқид қилинди.

Хусусан, бириктирилган ёшлар билан умуман учрашмаган, уларнинг муаммоларини ўрганмаган ёки амалий ёрдам кўрсатишда етарли ташаббус намоён этмаган раҳбар ва мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Камчиликларга йўл қўйган масъулларга нисбатан тегишли чоралар кўриш, ҳар бир ҳолат бўйича шахсий масъулиятни ошириш ҳамда назорат механизмларини кучайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, ёшлар билан ишлаш фақат ҳисоботлар ёки расмий кўрсаткичлар билан эмас, балки аниқ натижа ва инсон тақдиридаги ижобий ўзгаришлар билан баҳоланади. Шу нуқтаи назардан, оталиққа олинган ҳар бир ёшнинг муаммосини ўрганиш, унинг таълим олиши, иш билан таъминланиши ва ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш масъулларнинг устувор вазифаси экани қайд этилди.
Йиғилиш якунида ёшлар мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли ҳал этиш, оталиққа олинган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, бу борадаги ишлар учун раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини янада кучайтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири