Радар қурилмалари метрологик синов текширувидан ўтказилмоқда
Ижтимоий тармоқларда айрим радар қурилмалари ҳайдовчилар томонидан содир этилмаган қоидабузарликларни қайд этаётгани, тезлик кўрсаткичларига нотўғри маълумотлар киритаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, ҳайдовчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида мамлакат бўйлаб фото-видео қайд этиш мосламалари ва радарлар фаолияти мунтазам назоратдан ўтказилмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан махсус жиҳозланган автомобиллар ёрдамида республиканинг барча ҳудудларида ўрнатилган тезликни қайд этиш қурилмаларининг техник ҳолати, белгиланган талабларга мувофиқлиги ва ишлаш аниқлиги текширилмоқда.
Мазкур жараёнда Ўзбекистон Миллий метрология институти мутахассислари ҳам иштирок этиб, радар қурилмаларини метрологик текширув ва синовлардан ўтказмоқда. Бунда қурилмаларнинг шунчаки ишлаётгани эмас, балки транспорт воситалари тезлигини қайд этишда қанчалик аниқ натижа кўрсатаётгани ҳам баҳоланади.
Мутахассислар ўлчаш воситалари натижаларини белгиланган метрологик талаблар билан солиштириш орқали радарларнинг хатолик даражаси ва техник меъёрларга мувофиқлигини аниқлайди. Текширув якунига кўра, ижобий натижа кўрсатган қурилмалар учун тегишли қиёслаш гувоҳномалари расмийлаштирилади.
Таъкидлаш жоизки, радарни ишга тушириш ва унинг экранидаги кўрсаткичларга қарашнинг ўзи метрологик текширув ҳисобланмайди. Бу жараён махсус синовлар орқали қурилманинг тезликни ўлчаш аниқлигини амалда баҳолашни назарда тутади.
Амалдаги тартибга мувофиқ, автотранспорт воситалари тезлигини ўлчаш воситалари ҳар 12 ойда белгиланган тартибда метрологик қиёслашдан ўтказилиши лозим.
Агар текширув жараёнида техник носозлик, ўлчашдаги хатолик ёки бошқа қонунбузилиш ҳолатлари аниқланса, улар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.
Шу тариқа, радарларни мунтазам метрологик назоратдан ўтказиш нафақат қурилмаларнинг ишончли ишлашини таъминлаш, балки ҳайдовчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, йўлларда адолатли назорат тизимини шакллантириш ва ҳаракат хавфсизлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА