Адолатли жамиятнинг мустаҳкам пойдевори
Бухоро давлат техника университетида “Ҳалоллик марафони: 3 соҳа – 1 тамойил” республика тарғибот акцияси доирасида коррупциянинг олдини олиш, академик ҳалолликни мустаҳкамлаш ва таълимда адолат тамойилларини қарор топтиришга бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Жамиятда қонун устуворлиги, ижтимоий адолат ва фуқароларнинг давлат ҳамда жамоат институтларига ишончини мустаҳкамлаш, аввало, ҳалоллик ва очиқлик муҳитини шакллантиришдан бошланади. Айниқса, таълим тизимида бу тамойилларнинг устувор бўлиши алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, бугун таълим муассасаларида шаклланаётган дунёқараш, билим ва ҳаётий қарашлар эртанги жамиятнинг маънавий қиёфасини белгилайди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишни кучайтириш, давлат ва жамият бошқарувида очиқликни таъминлаш, қонун устуворлиги ва инсон қадрини қарор топтириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, айниқса, ёшларни ҳалоллик ва масъулият руҳида тарбиялаш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Бухоро Давлат Техника университетида ташкил этилган мазкур тадбир ҳам ана шу мақсадларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, таълим муҳитида ҳалоллик ва шаффофликни мустаҳкамлашга қаратилди.
Унда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Бухоро вилоят Кенгаши мутахассиси Муҳаммаджон Исломов ва бошқалар мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Мулоқот давомида таълим тизимида ҳалоллик ва адолат мезонларига амал қилиш, бошқарув жараёнларида очиқликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда бу борада ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулиятини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Айниқса, академик ҳалоллик масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки таълимдаги адолат фақат белгиланган қоидаларга риоя қилиш билан чекланмайди. У талабанинг билимини холис баҳолаш, имтиҳон ва назорат жараёнларида тенгликни таъминлаш, плагиат ва кўчирмачиликка муросасиз муносабатда бўлиш, ўқитувчи ҳамда талаба ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳитини шакллантиришни ҳам тақозо этади.
Зеро, билим ва малака ҳалол меҳнат орқали эгалланмаса, берилган дипломнинг ўзи мутахассиснинг ҳақиқий салоҳиятини ифодалай олмайди. Шу маънода, академик ҳалоллик — таълим сифати, мутахассислар рақобатбардошлиги ва жамият келажаги билан бевосита боғлиқ тушунчадир.
Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий адолатни қарор топтириш ва коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш борасидаги позицияси ҳақида ҳам сўз борди. Партия вакили бу каби тарғибот ташаббуслари ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларда фуқаролик масъулиятини кучайтириш ҳамда ҳалолликни кундалик ҳаёт меъёрига айлантиришда муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ёки масъул ташкилотларнинг вазифаси эмас. Бу — бутун жамиятнинг умумий масъулияти. Қонунбузарликка бефарқ бўлмаслик, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, ҳар қандай ишда холислик ва виждон мезонларига таяниш орқали ҳар бир инсон адолатли муҳит қарор топишига ҳисса қўша олади.

Учрашув якунида университет жамоаси ва талабалар таълим олиш, касбий фаолият ва жамоат ҳаётида ҳалоллик, холислик ҳамда масъулият тамойилларига қатъий амал қилишга чақирилди.
Мазкур тадбирнинг аҳамияти шундаки, ҳалолликни тарғиб қилиш билан бирга, унинг амалий ҳаётдаги ўрни ва ҳар бир инсон зиммасидаги масъулиятни яна бир бор англашга эътибор қаратилди. Зеро, адолатли жамият бир кун ёки бир тадбирда шаклланмайди. У ҳар бир соҳада қонунга риоя қилиш, ҳар бир муносабатда холис бўлиш ва ҳар бир қарорда виждон мезонига таяниш орқали барпо этилади.
Шундай экан, ҳалоллик фақат шиор эмас, балки ҳаёт тарзига, шаффофлик эса фаолиятнинг ажралмас талабига айланиши лозим. Ана шундагина коррупциядан холи муҳит, адолатга асосланган таълим тизими ва жамиятда мустаҳкам ишончни шакллантириш мумкин бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири