Иброҳим Абдураҳмонов: чиқиндиларни фойдали ресурсга айлантириш зарур
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳосил йиғиб олингач, даладаги ишлар ҳам якун топгандек тасаввур пайдо бўлади. Аслида эса кейинги мавсумнинг натижаси кўп жиҳатдан айнан шу даврда бажариладиган ишларга боғлиқ. Дала четида тўпланиб қолган хас-хашак, қамишзорлар, ариқлардаги чиқиндилар ва пластик қолдиқлар шунчаки кўзга ташланадиган ифлослик эмас. Улардан тўғри фойдаланилса, қўшимча даромад манбаини ҳам яратиш мумкин.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов фермерлар билан мулоқотда айнан шу масалага эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, кейинги мавсумда ортиқча харажатларга йўл қўймаслик учун ҳозирданоқ далаларни тартибга келтириш, ерларни мавсумга тайёрлаш ва чиқиндиларни фойдали ресурсга айлантириш зарур. Вазир бу борада катта маблағ талаб қилмайдиган учта йўналишни таклиф қилди.
— Аслида энг биринчи вазифа — далани тозалаш ва органик чиқиндилардан ўғит тайёрлаш, — дейди Иброҳим Абдураҳмонов. — Давлатимиз раҳбари бежизга чиқиндиларни иқтисодий ресурсга айлантириш ва циркуляр иқтисодиёт тамойилларини кенг татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб ўтмаган. Ҳосил йиғимидан кейин далада қоладиган хас-хашак, қамиш, ўт-ўлан ва шох-шаббаларни ёқиб юбориш ўрнига улардан компост тайёрлаш мумкин. Бунинг учун фермер хўжаликлари ҳудудида махсус чуқурлар ташкил этиб, йиғилган органик қолдиқларни шу ерга жойлаштириш, зарур ҳолларда ўғит қўшиб, чириш жараёнини йўлга қўйиши керак. Шу тарзда тайёрланган биоўғитни баҳоргача етиштириш ва иссиқхона хўжаликларига сотиш ҳам мумкин. Бу усул бир вақтнинг ўзида дала ҳудудини тозалаш, чиқиндиларни қайта ишлатиш ва қўшимча даромад олиш имконини беради. Қамишзорлар, ариқлар атрофи ва дала четларидаги бегона ўтлар кейинги мавсумда ҳам муаммо туғдиради. Шу боис уларни ҳозирдан бартараф этиш, ерларни текислаш ва суғориш тармоқларини тартибга келтириш зарур. Бегона ўтларга қарши курашда гербицидлардан, жумладан, глифосатдан фойдаланиш ҳам кутилган натижани беради. Фақат бундай воситаларни қўллашда мутахассислар назорати, белгиланган меъёрлар ва атрофдаги маданий ўсимликларни ҳимоя қилиш талабларига қатъий амал қилиш лозим. Чунки нотўғри қўлланилган кимёвий восита мевали дарахтлар ва бошқа экинларга ҳам зарар етказиши мумкин.
Шунингдек, вазир фермерларнинг эътиборини пластик қолдиқлар муаммосига қаратди.
— Полимер идишлар ва плёнкалар табиатда узоқ вақт сақланиб, майда заррачалар — микро ва нанопластикларга парчаланиши мумкин, — дейди вазир. — Бундай заррачаларнинг атроф-муҳит ва озиқ-овқат занжирига таъсири эса жиддий экологик масалалардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳар бир фермер ўз даласи ва унинг атрофини пластик чиқиндилардан тозалаши, уларни ёқмаслиги ва тупроққа кўммаслиги керак. Йиғилган пластикларни қайта ишлаш корхоналарига топшириш орқали уларни иккиламчи хомашёга айлантириш мумкин.
Иброҳим Абдураҳмонов пластик чиқиндиларни тўплашни осонлаштириш учун дала четлари ва йўл бўйларига катта оғизли махсус саватлар ўрнатиш таклифини ҳам билдирди. Бундай мосламаларни қиммат ускуналарсиз, оддий металл тўрлардан ясаш мумкин. Эътиборлиси, учала йўналиш ҳам фақат тозаликни таъминлашга эмас, иқтисодий самарадорликка ҳам қаратилган. Органик чиқиндилардан биоўғит тайёрлаш, пластикни қайта ишлашга топшириш ва дала четларини ўз вақтида тозалаш орқали фермерларга ортиқча харажатларни камайтириб, айрим ҳолларда эса қўшимча даромад олиш имконини беради.
Таъкидланганидек, энг муҳими, бу ишларнинг барчасини қишнинг оғир кунлари бошланмасидан, далага чиқиш имконияти мавжуд пайтда ташкил этиш лозим. Зеро, янги мавсумга тайёргарлик баҳорда эмас, ҳосил йиғими тугаганидан кейин бошланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА