Хорижлик сайёҳларни ҳайратлантирган метро
Дунёнинг кўплаб шаҳарларида метро одамларни манзилига тезроқ етказиш воситаси сифатида қаралади. Тошкентда эса ер остига тушган йўловчини транспорт қатновидан ташқари яна бир олам кутади. Бу меъморий ечим, тарих ва санъат намунасига эга бекатлар олами. Ҳар бир бекатда ўзгача бир гўзаллик, санъат ва тарих мужассам.
Дунёга машҳур Euronews телеканали томонидан тайёрланган Тошкент метрополитени фаолиятига бағишланган махсус лавҳада пойтахт метроси бекатларининг бетакрор меъморий қиёфаси, уларнинг яратилиш тарихи, безакларида акс этган миллий ўзига хослик ва бугунги кундаги озодалигига алоҳида эътибор қаратилди.
“Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистондаги шаҳарлар Буюк ипак йўлининг муҳим манзилгоҳлари бўлган”. “Турли халқлар, турли маданиятлар айнан шу заминда бир-бири билан туташган. Тошкент метроси эса нафақат қулай транспорт тизими, балки ўзида катта тарихни жамлаган меъморий санъат асари ҳамдир. Унинг ҳар бекати ўтмишдан сўзлайди”, дейилади лавҳада.

Дарҳақиқат, Тошкент метроси бекатларида миллий нақшлар, мураккаб мозаикалар, мармар ва ёруғлик уйғунлиги кўзга ташланади. Бу ердаги меъморчилик, тасвирий санъат ва муҳандислик ечимлари бир-бирини тўлдириб, ўзига хос муҳит яратиши хорижликларда ҳам катта таассурот уйғотади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА