Қурилиши тугалланмаган “дом”ларда ноқонуний яшашнинг олди олинади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони билан Агентлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, илмий муассасалар, коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ва фуқаролик жамияти институтларининг доимий ҳамкорлигига асосланган “Коррупциянинг олдини олиш кластери” жорий этилди.
Фракция аъзолари миллий маърузада акс эттирилган маълумотларни янада аниқ баён этиш, халқаро тажрибаларни чуқурроқ ўрганиш бўйича таклиф ва тавсияларни билдирди ва маърузани қўллаб-қувватлади.

Йиғилишда, шунингдек, қурилиши тугалланмаган кўп квартирали уйларда ноқонуний яшашнинг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Ушбу қонун лойиҳаси билан кўп квартирали уйларнинг қурилишига масъул шахслар ёки мансабдор шахслар томонидан белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилинмаган кўп квартирали уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўйганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Муҳокама ва қизғин савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
М.Комилова,
ЎзА