Бозордаги асоссиз тўловга чек қўйилди
Бозорда ҳалол меҳнат қилиб рўзғор тебратаётган тадбиркор учун энг муҳими — адолатли шарт-шароит.
Агар кимдир ўз имконияти ёки мавқеидан фойдаланиб асоссиз тўловлар жорий этса, бу нафақат тадбиркорга, балки эркин рақобатга ҳам зарар етказади. Қонун эса бундай ҳолатларга йўл қўймайди.
Рақобат қўмитаси сўрови билан “Food City Tashkent” МЧЖнинг устун музокара кучидан фойдаланиб асоссиз оширган йиғими бекор қилинди.
Рақобат қўмитасига “Food City Tashkent” МЧЖ ҳудудида муз маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор мурожаат қилиб, бозор маъмурияти томонидан сунъий тўсиқлар яратилаётганини билдирган.
Хусусан, бозор ҳудудига қадоқланган ва қадоқланмаган муз олиб кириш учун тўлов миқдори бир неча баробар оширилиб, бир кунлик тўлов 737 минг сўм этиб белгилангани ҳамда бу орқали тадбиркорни бозордан сиқиб чиқаришга уринилаётгани қайд этилган.
Мурожаат юзасидан Қўмита томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, бозор маъмуриятига сўров юборилди. Ишни кўриб чиқиш жараёнида ўтказилган мулоқотлар натижасида “Food City Tashkent” МЧЖ ҳамда тадбиркор ўртасида келишувга эришилди. Натижада мурожаатда кўтарилган муаммо ижобий ҳал этилиб, асоссиз оширилган тўлов миқдори бекор қилинди.
Рақобат қўмитаси мулкчилик шаклидан қатъи назар, устун музокара кучига эга барча хўжалик юритувчи субъектларни қонун талабларига қатъий риоя қилишга чақиради.
“Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, устун музокара кучи — хўжалик юритувчи субъектнинг битим шартлари, товар сотиладиган ҳудуд ёки нархни бир томонлама белгилаш имкониятидир. Бундай имкониятни суиистеъмол қилиш эса қонунчиликда белгиланган тартибда молиявий санкциялар қўлланилишига сабаб бўлади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА