Қурбон ҳайити арафасида қўшимча автобус рейслари йўлга қўйилди
Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида пойтахтдан ҳудудларга қўшимча автобус қатновлари ташкил этилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 22 май санасидан бошлаб Тошкент автовокзалдан республика вилоятлари томон қўшимча рейслар ҳаракати йўлга қўйилмоқда.
Байрам кунларида йўловчилар оқимининг ортиши муносабати билан амалдаги 85 та мунтазам қатновга қўшимча равишда яна 23 та автобус рейси ташкил этилди.
Қўшимча қатновлар Зармитан, Нурота, Зарафшон, Учқудуқ, Хатирчи, Қарши, Шаҳрисабз, Узун, Хива ва Нукус йўналишларида амалга оширилади.
Мутасаддиларнинг билдиришича, байрам, дам олиш кунлари давомида аҳоли талабидан келиб чиққан ҳолда қўшимча рейслар сони яна кўпайтирилиши мумкин.
Йўловчилар чипталарни автовокзал чиптахоналари орқали, шунингдек ATTO платформаси ҳамда avtoticket.uz орқали онлайн тарзда харид қилишлари мумкин.
Ш.Маматуропова,
ЎзА