Эзгу анъаналар – ижтимоий адолат ва меҳр-оқибат рамзи
Президентимизнинг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори маънавий ҳаётимиз, эзгу анъана ва қадриятларимизнинг бардавомлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Ушбу ҳужжатнинг аҳамияти ҳақида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Илҳомжон Бекмирзаев қуйидаги фикрларни билдирди:
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори халқимизнинг қадимий анъаналари меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва саховатпарварлик тамойилларини замонавий ижтимоий сиёсат билан уйғунлаштирган ҳолда қабул қилинди. Ушбу ҳужжат нафақат диний байрамни нишонлаш, балки кенг кўламли ижтимоий ҳимоя ва хайрия тадбирларини амалга оширишни кўзда тутади.

Қарорда биринчи навбатда оғир касалликларга чалинган беморларни даволаш масаласи алоҳида эътиборга олинган. 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказилиши, 2,3 минг нафар онкологик ва гематологик беморлар тиббий текширувдан ўтказилиши, 350 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалга оширилиши белгиланди. Бу чора-тадбирлар соғлиқни сақлаш тизимида давлат ва жамғарма маблағлари ҳисобидан ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар - етимлар, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, Ватан ҳимоячилари фарзандлари ва оғир касалликка чалинган болаларнинг омонат ҳисобларига 200 АҚШ доллари миқдорида маблағ ўтказилиши белгиланди. Бу эса давлатнинг болалар тақдирига бефарқ эмаслигини кўрсатади.
Шунингдек, 500 та масжидда замонавий таҳоратхоналар қуриш, қабристонларни ободонлаштириш ва муқаддас қадамжоларни таъмирлаш масалалари ҳам белгиланган. Бу тадбирлар диний-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, халқимизнинг қадимий урф-одатларини асраб-авайлашга қаратилган.
Қарорда кўзда тутилган тадбирлар 690 миллиард сўм маблағ ҳисобидан “Вақф” хайрия жамоат фонди орқали молиялаштирилади. Бу механизм давлат жамғармалари ва хайрия фондлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиради, маблағларнинг манзилли сарфланишини таъминлайди.
Ислом таълимотида Қурбон ҳайити байрамини нишонлаш асносида жонлиқлар сўйилади. Жонлиқлар муҳтожларга тарқатилиб, уларнинг хонадонида ҳам байрамона кайфият тарқалишига асос бўлади. Ҳадиси шарифларда қурбонликлар фақатгина мусулмонлар ўртасидагина эмас, балки бошқа дин вакиллари орасида ҳам тарқатилиши ҳақида кўрсатмалар келган.
Бу ривоятлар Қурбон ҳайитининг асл моҳиятини очиб беради: байрам фақат диний маросим эмас, балки ижтимоий адолат, қўшничилик ҳурмати ва инсонпарварликнинг амалий кўриниши. Қурбонлик гўшти муҳтожларга тарқатилганда, уларнинг хонадонида ҳам байрамона кайфият пайдо бўлади, жамиятда бирдамлик ва меҳр-оқибат мустаҳкамланади.
Қурбон ҳайити мусулмон умматининг энг улуғ диний байрамларидан бири бўлиб, унинг моҳиятида инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва жамиятда бирдамликни мустаҳкамлаш ғояси мужассам. Бу айёмда амалга ошириладиган қурбонлик маросими нафақат диний ибодат, балки ижтимоий ҳаётда ҳам катта аҳамият касб этади.
Қурбонлик маросими орқали муҳтожлар, етимлар, бева-бечоралар ва кам таъминланган оилалар қўллаб-қувватланади.
Шунингдек, маросим Аллоҳга яқинлик рамзи бўлиб, инсоннинг ихлос ва садоқатини ифодалайди. Бу амал орқали мусулмон ўзининг мол-мулкини фақат ўз манфаатига эмас, балки жамият фаровонлиги йўлида сарфлашга одатланади. Инсон қалбида шукроналик, саховат ва бағрикенглик туйғуларини кучайтиради.
Қурбон ҳайити маросимлари қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлайди, қариндош-уруғлар ўртасида меҳр-оқибатни кучайтиради.
Ҳайит диний маросимдан ташқари, ижтимоий бирдамлик, саховат ва инсонпарварлик байрами. Қурбонлик амали орқали муҳтожлар қўллаб-қувватланади, жамиятда меҳр-оқибат мустаҳкамланади, инсон қалбида шукроналик ва бағрикенглик туйғулари кучаяди. Бу байрамнинг энг катта афзаллиги шундаки, у халқимизни бирлаштиради, жамиятда тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлайди.
Президентимизнинг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори халқимизнинг асрлар давомида шаклланган эзгу қадриятлари меҳр-оқибат, саховат, бағрикенглик ва бунёдкорлик анъаналарини замонавий ижтимоий сиёсат билан уйғунлаштирган ҳолда ҳаётга татбиқ этмоқда. Ушбу ҳужжатнинг моҳияти шундаки, у диний байрамни нишонлаш жараёнида нафақат маросимий амалларни, балки кенг кўламли ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари орқали инсонлар қалбига қувонч олиб киришни кўзда тутади.
Қарорда белгиланган тадбирлар оғир касалликларга чалинган болаларни жарроҳлик амалиётидан ўтказиш, трансплантация жараёнларини молиялаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ҳисобларига маблағ ўтказиш, масжид ва қабристонларни ободонлаштириш барчаси халқимизнинг қадимий саховатпарварлик анъаналарини давом эттиришга хизмат қилади. Бу чора-тадбирлар орқали жамиятда бирдамлик, меҳр-оқибат ва ижтимоий адолат мустаҳкамланади.
Қарор диний байрамни ижтимоий сиёсат билан уйғунлаштирган ҳолда, халқимизнинг эзгу қадриятларини амалда давом эттириш, бунёдкорлик ишларини кенгайтириш ва энг муҳими, инсонлар қалбига қувонч олиб киришга хизмат қилмоқда.
ЎзА мухбири
Н.Усмонова ёзиб олди.