Самарқандлик 2 минг нафарга яқин ўқувчи муддатидан аввал талабаликни нақд қилди
Самарқанд вилоятидаги умумтаълим мактабларида ҳам бугун “Юксак маърифатли авлод – Учинчи Ренессанс пойдевори” шиори остида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари ўтказилди.
2025-2026 ўқув йилида вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синфини 73 минг 322 нафар, 11-синфни эса 50 минг 548 нафари ўқувчи битирмоқда. Мактабни битириб мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларнинг 1549 нафари фанлар бўйича миллий сертификатга эга бўлди, 1945 нафари муддатидан олдин талабалик бахтига эришди.
Самарқанд шаҳридаги 55-умумтаълим мактабида ўтказилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида вилоят ҳокими Адиз Бобоев иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг юртимиз мактаблари битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг аъло баҳоларда таҳсил олган, намунавий хулқи ва иқтидори билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчилар муносиб рағбатлантирилди. Фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор билан ёндашган ота-оналарга “Энг фаол ота”, “Жонкуяр она”, “Масъулиятли ота-она” каби номинациялар бўйича миннатдорлик хатлари ва ташаккурномалар топширилди.
Самарқанд шаҳридаги 30-умумтаълим мактабида ўтказилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбири ҳам Президентимизнинг битирувчи ўғил-қизларга йўллаган байрам табриги билан бошланди.
Мактаб ўқитувчилари, маҳалла фаоллари ва ота-оналар иштирокида ўтказилган тадбир ўқувчилар томонидан тайёрланган байрам табриклари, шеър ва куй-қўшиқлар билан давом этди.
[gallery-29618]
– Айни пайтда муассасамизда 1468 нафар ўғил-қиз таълим олмоқда, – дейди 30-умумтаълим мактаби директори Гулжаҳон Раҳматова. – Уларнинг 94 нафари жорий ўқув йилида 11-синфни битириб, катта ҳаёт остонасига қадам қўймоқда. Бизни қувонтирадигани уларнинг аксарияти ўзлари танлаган мутахассисликлар бўйича таълим фанларидан миллий сертификатларни қўлга киритган. Хусусан, ўқувчимиз Азгануш Абдулмажалова АҚШнинг Миниссота университетида ўқиш учун грантни қўлга киритди.
“Сўнгги қўнғироқ” тадбири давомида фанларни ўзлаштиришдаги илғорлиги, мактаб ҳаётидаги фаоллиги билан алоҳида ажралиб турган ўқувчилар, уларнинг таълим-тарбиясига масъулият билан ёндашган ота-оналарга мактаб маъмуриятининг фахрий ёрлиғи, ташаккурномалари топширилди.
– Жонажон мактаб билан хайрлашиш ҳар бир ўқувчини қанчалик ҳаяжонлантирса, унга шунчалик масъулият юклайди, – дейди битирувчи Гулсанам Тўйчиева. – Давлатимиз раҳбарининг мактаб битирувчиларига юксак ишонч билдириб, бизни Янги Ўзбекистонни дунёга тараннум этадиган бунёдкор куч сифатида кўраётганликлари катта ҳаётга қадам қўяётган барча тенгдошларимга ғурур ва шижоат бағишлади. Биз бундай ишончга муносиб бўлиб, ўз танлаган касбимиз орқали юртимиз равнақини янги босқичга олиб чиқамиз. Мактабни битираётган тенгдошларимнинг барчаси, шу жумладан, мен ҳам олий таълим бўйича йўналишни олдиндан танлаб, белгиланган фанлар бўйича миллий сертификатларни қўлга киритиб, ўқишга киришни деярли ҳал этиб қўйганман. Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида ўқиб, юртимиз иқтисодиётининг ривожига ўз ҳиссамни қўшаман.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА