Молия бозорида истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимояси муҳокама қилинди
Молиявий хизматлар бозорида аҳоли ишончини мустаҳкамлаш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш бугунги кунда энг долзарб вазифалардан бирига айланмоқда.
Айниқса, банк, тўлов ва суғурта хизматлари кенгайиб бораётган шароитда бу соҳада замонавий ва самарали ҳимоя механизмларини жорий этиш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамкорлигида молия секторида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди.

Семинарни Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Э.Гадоев кириш сўзи билан очиб, молия секторида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янги концепция ва тамойиллар ҳамда халқаро тажрибалар асосида ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Рақобат қўмитаси раиси Ҳ.Тўрахўжаев, истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш — молиявий бозорга бўлган ишончни мустаҳкамлашнинг энг муҳим омили экани, шунингдек, мазкур йўналишга халқаро ва миллий стандартларни жорий этиш, давлат органлари ва молиявий ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш долзарб масалалардан бири эканини таъкидлади.

Шунингдек, тадбир давомида молиявий хизматлар бўйича истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янги, замонавий услублар, молиявий хизматларда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, истеъмолчиларга тўлиқ ва тушунарли ахборот тақдим этиш амалиёти, истеъмолчилардан тушаётган мурожаат ва низоларни ҳал қилиш каби долзарб мавзулар муҳокама қилинди.
Семинар якунида халқаро стандартларни миллий амалиётга жорий этиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА